Ўзбекистон футбол ҳакамлари марказига халқаро тажрибага эга малакали мутахассислар масъул бўлишади. Хусусан, жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, Марказ фаолиятини мувоффиқлаштириш учун ЎФА техник директори Ги Киала жалб этилади. Шунингдек, бошқарув лавозимида доимий фаолият олиб борадиган хорижлик мутахассислар номзоди ўрганиб чиқилмоқда. Жаҳон ва Осиё миқёсида юқори мавқега эга таниқли мутахассислар Фарҳод Абдуллаев, Владислав Цейтлин, Маъмур Саидкасимов ҳамда Валентин Коваленко ҳакамларни тайёрлаш, ўқитиш ва малакасини ошириш ҳамда таҳлилий жараёнларга масъул бўлади.
Ҳакамларни беш босқичдан иборат дастур бўйича янги мавсумга тайёргарлик жараёнини мазкур экспертлар назорат қилиб боришади. Ушбу саъй-ҳаракатлар миллий ва халқаро футбол мусобақаларида сифатли ва профессионал ҳакамликни таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.