22 июл куни Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси, генерал-полковник Баҳодир Қурбонов Кобул шаҳрида «Толибон» Миллий мудофаа вазири вазифасини бажарувчиси Мулла Муҳаммад Ёқуб билан учрашди.
Амирлик мудофаа вазирлигининг хабар беришича, учрашувда ДХХ раисининг ўринбосари Фаррух Мухторов, ДХХ раисининг ўринбосари — чегара қўшинлари қўмондони Салимжон Ҳасанов ва бошқа расмий делегация аъзолари қатнашган.
Маълум қилинишича, учрашувда Ўзбекистон делегацияси Афғонистондаги хавфсизлик ҳолати ва иқтисодий тараққиётдан мамнун эканини, икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлаган.
«Миллий мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Афғонистон бўйича халқаро майдонларда Ўзбекистон ҳукуматининг ижобий позициясини эътироф этди ва икки қўшни давлат ўртасидаги алоқаларнинг кенгайиб бораётганини қайд этди. Учрашувда томонлар чегара ҳамкорлиги, ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш ва бошқа тегишли масалалар юзасидан фикр алмашди» дейилади расмий релизда.