2026 йил 16 февраль куни Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқиш бўйича фармон имзоланди. Ушбу фармон билан 2026–2030 йилларга мўлжалланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланди.
Стратегия лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, бир ой давомида 3 564 та фикр ва таклиф келиб тушди. Шундан 2 153 таси асосли таклиф, 751 таси такрорий, 340 таси маъқулловчи фикр, 320 таси танқид ва эътирозлардан иборат бўлди. Энг кўп таклифлар таълим, экология, рақамлаштириш, энергетика ва транспорт соҳаларига тааллуқли бўлди.
Янги таҳрирдаги стратегияда 100 та мақсад ҳамда уларга эришиш бўйича 437 та самарадорлик кўрсаткичи белгиланди. 102 та кўрсаткич ўзгаришсиз қолдирилган, 95 таси янгиланган, 240 та янги кўрсаткич киритилган.
Жамоатчилик таклифлари асосида олий таълим битирувчиларининг доимий иш билан таъминланиш даражасини 65 фоизга етказиш, 39 ёшгача бўлган тадқиқотчилар улушини 61 фоизга ошириш, тиббиёт муассасаларини тўлиқ рақамлаштириш, бошқарув лавозимларида хотин-қизлар улушини 35 фоизга етказиш, давлат фуқаролик хизматида хотин-қизлар улушини 40 фоизга ошириш, шаҳар ва туман марказларида яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш, 21
миллион гектар яйлов ва пичанзорларда геоботаник тадқиқотлар ўтказиш ҳамда нотариал хизматларни масофавий тарзда кўрсатиш улушини 30 фоизга етказиш каби муҳим кўрсаткичлар белгиланди.
Стратегия ижроси устидан қатъий назорат ўрнатилади. Барча вазирлик ва идоралар раҳбарларига шахсий масъулият юклатилди. Ҳар йили давлат бюджети шакллантиришда стратегия кўрсаткичлари инобатга олинади. Амалга ошириш жараёнини мувофиқлаштириш учун Республика комиссияси тузилди ва мониторинг ишлари рақамли платформа орқали олиб борилади.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси аниқ мақсад ва ўлчанадиган кўрсаткичларга асослангани, жамоатчилик фикри инобатга олингани ҳамда молиявий манбалари белгилаб қўйилгани билан мамлакат тараққиётининг янги босқичини белгилаб беради.