Ўзбекистон ички газ ишлаб чиқариш ҳажми камайиши ва импорт 1,55 млрд долларга етганига қарамай, газ экспорт қилишни давом эттирмоқда. Йил бошидан буён хорижий давлатларга «кўк ёқилғи» етказиб бериш қарийб 600 млн долларга етди. Хитой 667,4 млн долларлик ўзбек газини импорт қилганини билдирди.
Ўзбекистон январь-ноябрь ойлари давомида рекорд даражада 1,55 млрд АҚШ доллари қийматида газ импорт қилди. Бу ҳақда президент ҳузуридаги Статистика агентлигининг «Газета.uz» ўрганган ташқи савдо айланмаси бўйича ҳисоботида сўз боради.
Мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,8 баробар кўп бўлиб, ўша пайтда газ импорти 562,7 млн долларни ташкил этган. Қолаверса, бу кўрсаткич ўтган йилнинг умумий газ импорти ҳажмидан деярли 2,2 баробар кўпдир (694,9 млн доллар).
Январь ойида «кўк ёқилғи» импорти 35,6 млн долларни ташкил этган бўлса, февраль ойида бу кўрсаткич 3,7 баробар ошиб, 131,1 млн долларга етган. Мартда 193,5 млн доллар, апрелда 102,6 млн доллар, майда 180,4 млн доллар, июнда 166,3 млн доллар, июлда 174,2 млн доллар, августда 168,3 млн доллар, сентябрда 126,3 млн доллар, октябрда эса 86,7 млн долларни ташкил этган. Статистика агентлиги етказиб берилган газнинг жисмоний ҳажмлари ҳақида маълумот бермаган.
Ноябрь ойида эса импорт ҳажми кескин ошиб, 186,8 млн долларга етган. Бу ўтган йилнинг ноябрь ойига (1 млн доллар) нисбатан 187 баробар кўпдир.
Ўзбекистон, шунингдек, ўтган йилга нисбатан газ экспорт қилиш ҳажмини ҳам оширди (қиймат жиҳатидан). Экспорт ҳажми 540,4 млн долларга етди, бу ўтган йилнинг шу даврига (458,2 млн доллар) нисбатан 17,9 фоиз кўпроқдир.