UzAutoMotors бош директори, швециялик Бо Инге Андерссон иш ҳақининг 5 фоизи миқдорида жаримага тортилди. Бу ҳақда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги корпоратив ахборот ягона порталида маълум қилинди.
Қайд қилинишича, Андерссон UzAutoMotors Powertrain ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарзларини ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўрмаган. Шу боис, унга нисбатан жарима кўринишидаги интизомий жазо чораси қўлланган.
Бо Инге Андерссон 2021 йил августида UzAutoMotors бош директори этиб тайинланган эди. У автомобилсозлик соҳасидаги топ-менежерлардан бири бўлиб, Швециянинг Saab, Россиянинг ГАЗ ва АвтоВАЗ компанияларидан ишлаган.