Бугун 19 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Ўйлаб қарасам, бугун кофирлардан кўра кўпроқ мусулмонлардан ҳайиқар эканман!

Ўйлаб қарасам, бугун кофирлардан кўра кўпроқ мусулмонлардан ҳайиқар эканман!

Кофир юзига ҳақни айтиш қўрқитмайди. Мусулмонлар жамиятида ҳақни айтиш чўчитади бироз. Динимга хизмат қилай, оз бўлса ҳам билганимни етказиб қолай, билмаганларга эслатай - деб қадам ташласам, эртага Youtube каналларида суратим устига катта қизил рангда (×) белгисини қўйиб, «Бу дажжолдан эҳтиёт бўлинг» ёки «Бу дин бузарни таниб қўйинг» унвони остида бериладиган раддиялардан қўрқаман - қўрқитадиган нарса обрўйим тўкилиши эмас, номим булғаниши ҳам эмас, балки тарафкашлик пайдо бўлиши, диндош биродарим билан раддиялашишга бориш, дин номидан гапирадиганлар обрўсига путур етказишдир. Пайғамбаримиз алайҳис салом "Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар", деб буюрганига биноан, кимдир даъват бошласа, дарҳол қаршиликлар пайдо бўлади. Юзма-юз ёки шахсий мулоқотда ислоҳ этиш йўқ, аксинча, оммага дажжол қилиб кўрсатадиганлар пайдо бўлади.

Кунларнинг бирида Youtube тармоғида шундай бир лавҳани учратиб қолдим. Қайсидир домланинг сурати устига хато белгисини қўйган ва «Бундай дажжол, кофирлардан эхтиёт бўлинг!» , деб ёзилган. Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан «Ким бир биродарига кофирсан, деса, иккисининг биридан иймон кетади» мазмунида ҳадис ворид бўлган. Ҳайрон қоласиз, инсонларга динидан маълумот бераётган шахс дажжолми, ё кимлиги ҳам маълум бўлмаган блогерми? Ҳар иккиси ҳам дин номидан гапирмоқда.

«...Сизни кўрганида мусулмон деб ўйламасди…»

Мусулмон жамиятни йўқотиш йўллари

Бундан 100 йиллар аввал бўлган воқеалар ҳозир ҳам такрорланаётгандек...

Кофир даъват йўлига тўсқинлик қилиб, ёмон кўрсатишга ҳаракат қилса, жавоб қила оласиз экан. Аммо мусулмон бошқа мусулмоннинг дин йўлидаги хизматини тўсаётганига қандай баҳо бериш мумкин? Асрлардан буён ихтилофли бўлган масалалар бор. Бунда кўплаган уламоларимиз турли қавллар айтишган. Бироқ, бир-бирини асос бўлмаган фариъй масалаларда кофир қилишган эмас. Араб ўлкаларида ҳам илм аҳли дея танилган кўплаб устозларни биламан. Уларнинг ҳаммаси айтаётган гапларини билиттифоқ айтмайдилар. Ихтилофлий масалалар ҳам бўлиб туради. Лекин бир-бирини кофир дейишгача бормайди. Қилаётган ихтилофлари ўз ҳавои нафсларидан эмас, тутган ижтиҳодининг маҳсулидир. Улар ижтиҳодга аҳл кишилар бўлгани боис ҳам бошқалар ижтиҳодига ҳурмат билан муносабатда бўладилар.

Нега сўнги пайтларда тарафгашлик кўпайиб, бир-бирига тош отишлар кўпаймоқда каби саволлар кўп ўйлантирди. Бироз сабабини ҳам англагандекман. Айрим сабаблар мана шундай аянчли ҳолга олиб келмоқда экан:

- илмсиз ва ахлоқдан йироқ блогерлар;

- ўша илмсиз ва беахлоқ блоргерларнинг гапига ишониб қолаётганлик;

- блогерларнинг ёши ёш ва диний тажрибаси йўқлиги;

- кўпроқ одамни эргаштириш мақсадида мурид талашиш.

Асосий фитналарни чиқараётганлар ҳам ўша блогерлар экан. Қизиқиб текшириб кўрсам, асосан ёш йигитлар экан. Кимнидир дарслигини ёзиб олиб, бошқа бир домлани зиддига ишлатиш мақсадида жойлар экан. Кўплаб домлалар билмайди ҳам ўша дарсликлари қай тарзда каналларга қўйилаётганини. Икки аҳли илмни бир-бирига ёмон кўрсатиб, ўрталарида фитна пайдо қилиб қўяётганлар ҳам афсуски, ўша блогерлар бўлмоқда экан. Чунки, биргина нотўғри унвон билан жойлаган дарслиги бошқа бир инсонга отилган ўқдек бўлмоқда. Бир индамай қўяверади, икки индамайди, охири ҳамма сизни шундай демоқда - каби саволлардан хиноб бўлганидан раддия билдиришга ўтмоқда. Кўрипсизки, бир ахлоқсизни деб икки илм аҳли бир-бирини ёмон кўришга келиб қолмоқда. Ваҳолангки, у иккиси гарчи айрим масалаларда ихтилоф қилсада, аслида бир-бирига кўмакдош эдилар - бўйнидаги омонатини етказиш йўлидаги ҳамроҳ эди.

Маъмур Мухтор

Manba: azon.uz

Киритилди: 07:45 08.11.2019. Ўқилди: 4087 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!