Урганч шаҳрида Binary халқаро университетини ташкил этиш бўйича видеоконференция шаклида музокаралар бўлиб ўтди деб хабар бермоқда Дунё ахборот агентлиги.
Музокараларда Ўзбекистон томондан Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Равшан Усмонов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов ҳамда Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Шавкат Тўлаганов; Малайзия томонидан эса Binary менежмент ва тадбиркорлик университети - асосчиси ва ректори Жозеф Адайкалам иштирок этди.
«Келаси ўқув йилида юқорида айтиб ўтилган таълим лойиҳасини Хоразм вилоятида ишга тушириш учун дипломатик каналлар орқали ҳужжатни тезроқ имзолаш тўғрисида келишувга эришилди», - дейилади хабарда.
Маълумот ўрнида! 1984 йилда ташкил этилган Binary хусусий университети бизнес бошқаруви, ахборот технологиялари ҳамда менежмент соҳалари бўйича етакчи университетлардан бири. Ҳозирда университетда 60 ортиқ мамлакат фуқаролари, жумладан ўзбекистонлик ёшлар таҳсил олишмоқда.