Бугун 19 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Ўқитувчисига сабоқ берган ўқувчи

Ўқитувчисига сабоқ берган ўқувчи

Хусусий мактаблардан бирида ўқийдиган ўсмир қиз ўқишдан уйга ғамгин қайтди. Онаси қизининг ҳолатини пайқаб, ундан нега хомушлигини сўради.

— Онажон, ҳар доим ўқитувчимизнинг боши оғрийди. Ўрни бўлса, бўлмаса ҳам бизга бақиради. Узун кийимим ва рўмолимни сабаб қилиб мени мактабдан ҳайдаш билан таҳдид этди. Мени бу кийимлар билан мактабда бошқа кўришни хоҳламаслигини айтди,- дея йиғламсираб онасига бўлган гапни айтиб берди қизалоқ. Онаси қизнинг бошини силар экан:

— Қизим, сен Аллоҳ буюрган тарзда кийинасан. Ўқитувчинг айтганидек эмас. Аллоҳ шундай кийинишингни истайди, ўқитувчинг бундай кийинишингни истамайди. Хўш, сен кимга итоат қиласан? Сени гўзал суратда яратиб, чексиз-адоқсиз неъматларга ғарқ қилган Роббинггами, ёки менга ё ўқитувчингга ўхшаган ўзига ҳам фойдаси тегмайдиган бир бандагами?

— Албатта, Аллоҳга итоат қиламан, онажон,- деди қиз.

Эртаси куни қиз мактабга борган эди, ўқитувчи унинг узун либоси ва кенг рўмолини максхаралаб койий бошлади. Синфдош ўртоқларининг олдида ўқитувчисидан танбеҳ эшитиш қизнинг қалбини оғритди ва  мунчоқ кўзларидан дув-дув кўз ёши оқа бошлади. Кўз ёшлар ичида ўқитувчисига шундай деди:

— Тўғриси, кимга итоат қилишни билмайман. Сизгами ёки Аллоҳга бўйсунайми? Сизнинг айтганингиз қилсам Аллоҳга гуноҳкор бўламан. Аллоҳнинг амрини адо этсам, сизнинг жаҳлингиз чиқади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: "Эй иймон келтирганлар! Сизга ҳаёт берадиган нарсага чақирганларида Аллоҳ ва Расулига жавоб беринг ва билингки, албатта, Аллоҳ киши билан унинг қалбини ажратиб қўяди ва, албатта, Унинг ҳузурида тўпланурсиз." (Анфол сураси, 24-оят) Майли, сиз  ғазаблансангиз ҳам мен Аллоҳ таоло ва Унинг Расулига итоат қиламан. Сиз ҳам Аллоҳнинг розилигига муваффақ бўлиш ва Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларини бажариш учун бошингизга рўмол ўранг ва узун, ёпиқ кийимлар кийинг, устоз.  Чунки Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам "Сизлардан бирингиз бирор ёмонлик ва ёқимсиз ишни кўрса имкони бўлса қўли билан ўзгартирсин. Шояд, қўли билан тузатишга кучи етмаса  тили билан ўзгартирсин. Бунга ҳам кучи етмаса  қалби билан у ишни ёқтирмай, норозилигини ифода этсинки, бу ҳам  иймоннинг бир даражасидир" дея марҳамат қилганлар.

Қиз Воҳидул Қаҳҳор сифатли Аллоҳнинг буюрганларини айтиб  жавоб бергани учун,  ўқитувчи бир муддат сўзсиз қолди. Бироздан кейин қизга онасини мактабга келишини уқтирди. Эртаси куни она ўқитувчига яхшигина сабоқ бериб қўйишни мулоҳаза қилиб мактабга келди.

Ўқитувчи онани қарши олар экан:

— Қизингиз менга ҳаётимда ҳеч қачон эшитмаган чуқур маъноли гапларни айтиб сабоқ берди. Унинг қалбини Аллоҳ ва Расулулллоҳ солалллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатига тўлдириб, жуда гўзал тарбиялаган экансиз. Қизингиз мени ниҳоятда таъсирлантирди. Кеча мактабдан уйга бориб, намоз ўқидим. Кўз ёшларга ғарқ бўлиб тавба қилдим. Аллоҳга ёлвориб гуноҳларимни кечиришини, бундан кейинги  ҳаётимда ҳар доим Унинг буйруқ ва қайтариқларига амал қилиб яшашга аҳд қилдим. Аллоҳ таоло мени ҳам динида собитлардан қилишини истаб,  Унга нола қилдим,- деди. Ўқитувчи бошига рўмол ўраб, ёпиқ кийимлар кийиб, ибодатларини бенуқсон адо эта бошлаганидан кейин бош оғриқлари ўтиб кетди, дарддан буткул фориғ бўлди.  Ёши ўттизлардан ошган бўлса-да, турмуш қурмаганди. Динини маҳкам тутиб, Аллоҳга итоат қилишни бошлаганди, уни сўраб келадиган совчилар кўпайди. Ўқитувчи ўзига муносиб, иймон-эътиқодли, яхши бир инсон билан никоҳланиб, турмуш қурди. Ўқувчисига миннатдорчилик билдириб:

— Менинг жаҳлим ва ғазабимга қарамасдан, Аллоҳ ва Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи вассалламни менга танитиб ҳаётимни ўзгартириб юбординг. Сени Аллоҳ учун яхши кўраман, солиҳам, -дея қизни бағрига босди.

... Улар ўзларига ваъз қилинган нарсаларни қилганларида эди, ўзларига яхши ва саботлари мустаҳкам бўлар эди. У ҳолда, Биз ҳам уларга Ўз ҳузуримиздан улуғ ажр берган бўлур эдик.Ва уларни тўғри йўлга ҳидоят қилур эдик .Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва уларнинг рафиқлари қандай ҳам яхши! Бу–Аллоҳдан бўлган фазлдир ва билгувчиликда Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур. ("Нисо" сураси, 66-70 оятлар)

Manba: azon. uz

Киритилди: 06:15 14.02.2020. Ўқилди: 4253 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!