Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги қошида соҳа ходимларига имтиёзли кредитлар ажратиш билан шуғулланадиган махсус фонд ташкил этилиши режаланган. Бундан ташқари, фонд соҳа ходимлари учун арзон уй-жойлар қурилишини молиялаш билан ҳам шуғулланади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги киритган таклиф бўйича муҳокамалар порталида эълон қилинган президент қарори лойиҳасида келтирилган.
Қарорда айтилишича, фондни ташкил этишдан мақсад – таълим соҳаси ходимларининг муносиб турмуш тарзини таъминлаш ва яшаш шароитларини яхшилаш. Ушбу мақсадда фонд таълим соҳаси ходимларига ипотека, автомобиль ва истеъмол кредитлари беради.
Бундан ташқари, янги фонд Ўзбекистонда қимматли қоғозлар бозорини ривожлантиришга кўмаклашади. Фонднинг асосий мақсадларидан бири – секюритизация билан шуғулланиш, яъни ипотека кредитларига асосланган қимматли қоғозлар чиқариб аҳолига сотишдир.
Фонднинг устав капитали 100 млн АҚШ долларига тенг бўлади. Қўшимча маблағлар халқаро молия институтлари ва бошқа ташкилотлардан грант асосида олиниши мумкин.
Фонднинг секюритизация билан шуғулланиш фаолиятига қимматли қоғозлар бўйича амалдаги қонунлар татбиқ этилмайди.