Ўқитувчилар учун бир ойлик мажбурий малака ошириш тартиби бекор қилинади.
Энди педагогларнинг малака ошириш учун пойтахт ёки вилоят марказига бориб, бир ойлик мажбурий курсларда ўқиши шарт бўлмайди.
Унинг ўрнига ўқитувчиларга тоифа синовидаги натижасига қараб, ўзи хоҳлаган жойда 18 соатдан 72 соатгача мустақил малака ошириш учун касбий ривожланиш ваучери берилади. Бунинг учун маблағни давлат ажратади.
Шавкат Мирзиёев бугунги учрашувга тайёргарлик жараёни ҳақида ҳам тўхталди.
“Бу мажлисга жуда қийналиб тайёргарлик қилдик. Худди сизлар билан бирга юргандек бўлишга ҳаракат қилдим. Булар — сизларнинг оғир масалаларингиз. Албатта, қийин бўлади. Лекин мана шу манфаатни жойига қўйсак, ўзгариш бўлади”, — деди Президент.
Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев таълим соҳасидаги ислоҳотлар ва ўқитувчи ҳамда мураббийларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги чораларни маълум қилганди. 2026 йил 1 январдан 2–3 ёшли фарзандини оилавий боғчага берган ишлаётган оналарнинг бадал пули бюджет ҳисобидан қопланади. Президентнинг таъкидлашича, аёлларнинг меҳнат қилиши оилага қўшимча даромад келтиради ва болаларнинг таълим олиши учун кўпроқ шароит яратади.