Украина Қуролли кучлари Донетск вилояти ғарбида ва Бахмут яқинида ҳужум амалиётларини давом эттирмоқда, деди Украина Қуролли кучлари Бош штаби вакили Андрей Ковалёв.
Унинг қайд этишича, Украина мудофаа кучлари Бахмут, Мелитопол ва Бердянск йўналишларида ҳужум амалиётини давом эттирмоқда. Шу билан бирга, Донетск вилоятининг ғарбий қисмидаги Урожайное қишлоғидан жануб йўналишда Украина Қуролли кучлари муваффақиятга эришди ва эришилган марраларда мустаҳкам ўрнашиб бормоқда.
Бундан ташқари, Украина Қуролли Кучлари Бахмут жанубида ҳужум операцияларини давом эттирмоқда ва эришилган чизиқлар бўйлаб мустаҳкамланмоқда.
"Душман Авдиивка ва Маринка ҳудудларида муваффақиятсиз ҳужум операцияларини ўтказди. Душман шахсий таркиби, қурол-яроғ ва техникасида катта йўқотишларга дучор бўлмоқда. У захирадан фойдаланган ҳолда бўлинмалар ва қўшинларни ҳаракатга келтирмоқда", - деди спикер.
Унинг қўшимча қилишича, Украина қўшинлари Россия армиясининг Купянск ва Лиман йўналишларида, шунингдек, Бахмут йўналишининг шимолий қанотида олдинга силжишини ушлаб туришда давом этмоқда.
"Душман Харков вилоятининг Синковка ва Донетск вилоятининг Богдановка туманларида муваффақиятсиз ҳужум операцияларини ўтказди. Бу ерда шиддатли жанглар давом этмоқда. Бир суткада 20 та тўқнашув бўлди", - дея қўшимча қилди Ковалёв.