НАТО бош котиби Ғарб давлатларини Украинада узоқ давом этадиган урушга тайёрланишга чақирди.
"Биз узоқ сафарга тайёр бўлишимиз керак, чунки, Россия ўзининг асосий мақсади — Украина устидан назорат ўрнатишдан воз кечмоқчи эмас", — деди Йенс Столтенберг BBC нашрига берган интервьюсида.
Украина армиясининг муваффақиятлари Киев учун муқаррар ғалаба эканлиги ҳақидаги алдамчи хулосани яратмаслиги керак, дейди у.
НАТО бош котибининг таъкидлашича, рус қўшинлари урушни давом эттириш ва янги ҳужумларга уриниш учун тайёргарлик кўрмоқда.
Хусусан, унинг сўзларига кўра, буни Россия Федерациясида эълон қилинган янги сафарбарлик исботлаб берди.
Столтенбергнинг фикрича, бундай вазиятда Украина Ғарбнинг ҳарбий ёрдамига катта эҳтиёж сезади. У иттифоқчиларини Киевга ёрдамни давом эттиришга ва узоқ муддатли ёрдам режасини ишлаб чиқишга чақирди.
"Урушларнинг аксарияти тинчлик музокаралари билан якунланади. Катта эҳтимол билан, бу уруш билан ҳам шундай бўлади. Лекин биз Украина учун тинчликка эришиш шартлари тўлиқ жанг майдонидаги кучлар мувозанатига боғлиқлигини ҳам яхши биламиз", — деди Столтенберг.