Шу кунларда Ғарб оммавий ахборот воситалари, гўёки, Украина бир-икки ҳафта ичида ядро қуроли яратиши мумкинлиги ҳақида таҳдидли хабарлар тарқатмоқда.
Масалан, “Bild” газетаси агар Ғарб НАТОга қабул қилишдан бош тортса, Украина тезликда ядро қуролини лойиҳалаши мумкинлигини ёзди. Бунга жавобан, куни кеча Президент Владимир Зеленский Киев ҳеч қачон ядро қуроли яратишга тайёрланаётганини айтмагани, мамлакат бундай модда ишлаб чиқмаётганини таъкидлади.
Бу гапни етакчи пайшанба куни НАТО Бош котиби Марк Рютте билан ташкил этилган қўшма матбуот анжуманида айтган.
– Украина бир неча ҳафта ичида ядро қуролини яратиши ва Россия армиясига қарши қўллаши мумкин, – деб ёзган “Bild” қурол-яроқ харид қилиш соҳасида ишлаётган, исмини ошкор этмаган украиналик амалдорга таяниб.
– Бизда материал бор, билимимиз бор. Агар буйруқ берилса, биринчи бомбани ясашимиз учун бор-йўғи бир неча ҳафта керак бўлади.
Аниқлик киритилишича, бу баёнот бир неча ой олдин ушбу газета мухбири иштирок этган ёпиқ брифингда янграган. Расмий аниқлик киритишича, агар можаро тугагандан кейин Украина НАТОга қабул қилинмаса ва Россия армиясидан янги ҳаракат кузатилса, бу сценарий амалга ошиши мумкин, деб ҳисобланади.
– Ғарб Россиянинг эмас, балки ўзининг қизил чизиқлари ҳақида кўпроқ ўйлаши керак, – дея огоҳлантирган мулозим.
Киевнинг бундай сценарийга тайёрлиги Зеленский сўзлари билан тасдиқланган. Дональд Трамп билан учрашувда у “Ё Украина ядровий қуролга эга бўлади ва кейин ушбу қурол мамлакат мудофаасини таъминлайди ёки Киев “қандайдир иттифоққа қўшилишга мажбур бўлади”, – деган экан. Бу гапда Шимолий Атлантика альянси кўзда тутилгани аниқ, чунки Зеленский таъкидлашича, бугун Украина учун НАТОдан бошқа самарали иттифоқчи йўқ.
Дарвоқе, собиқ совет даврида Украина ҳудудида йирик ядро арсенали жойлаштирилган эди. Иттифоқ тарқалгач, мамлакат Европа қитъасида йирик ядро қуроли захираси жойлашган мустақил давлатга айланди. 1994 йил Украина, Россия, АҚШ ва Буюк Британия биргаликда Будапешт меморандумини имзолади. Мазкур ҳужжатга кўра, ушбу оммавий қирғин қуроли захираси йўқ қилинган ва бунинг эвазига ядровий давлатлар Киев хавфсизлигини кафолатлашга ваъда берган.