Украина Ташқи ишлар вазирлиги FIFA'дан Қрим Украина ҳудуди сифатида кўрсатилмаган харита учун узр сўрашни талаб қилди
13 декабр куни 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати учун Европа саралаш босқичининг қуръа ташлаш маросими намойиш қилинди. Унда турнирда бир-бирига тўғри келмайдиган мамлакатлар кўрсатилган харита тақдим этилган эди. Бу харитада Қрим Россиянинг бир қисми сифатида белгиланганди.
Украина Ташқи ишлар вазирлиги вакили Георгий Тихий FIFA'дан харитани ўзгартиришни ва жамоатчилик олдида узр сўрашни талаб қилди.
"Ҳаммаси жойидами, FIFA? Кечаги эфирда халқаро чегараларни ўзгартириш билан нафақат халқаро ҳуқуқни буздингиз, балки Россия пропагандасини қўллаб-қувватладингиз", — дея муносабат билдирди Тихий.
Бундан ташқари, FIFA'га Украина Футбол Ассоциацияси ҳам мурожаат қилди. Ташкилотнинг расмий хатида бундай харита "мутлақо қабул қилиб бўлмайди" ва "FIFA ҳамда UEFAнинг номувофиқ позицияси" сифатида кўринади, деб ёзилган.