5 ноябрга ўтар кечаси Россиянинг Рязан вилояти учувчисиз учиш аппаратлари ҳужумига учради. Зарба оқибатида саноат объектларида ёнғинлар юзага келиб, электр таъминотида узилишлар кузатилди.
Вилоят губернатори Павел Малковнинг маълум қилишича, ҳужум вақтида бир киши жароҳат олган. Шунингдек, электр узатиш тармоқлари шикастланган, айрим турар жойларга зарар етган ва мактаблардан бирининг деразалари синган.
Украина мониторинг каналлари Рязандаги нефтни қайта ишлаш заводида бир нечта ёнғин ўчоғи пайдо бўлганини хабар қилмоқда.
Бундан ташқари, Wildberries компаниясига тегишли логистика омборида ҳам ёнғин кузатилгани айтилмоқда.
Маҳаллий ҳокимият саноат объектларида ёнғин чиққанини тасдиқлаган, бироқ айнан қайси корхоналар зарар кўрганига аниқлик киритмаган.
Ҳозирча ҳужум оқибатида етказилган моддий зарар миқдори маълум эмас.