Бу ҳақда Доналд Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф маълум қилди.
"Барчага маълумки, айрим ҳудудларда руслар жойлашган, Запороже АЭС эса Украинага электр энергияси етказиб беради. Шунинг учун бу масалалар муҳокама қилиниши зарур. Шунингдек, портларга кириш имконияти ҳам музокара мавзулари қаторида. Бу Қора денгиз бўйича эҳтимолий келишув доирасида кўриб чиқилмоқда", — дея аниқлик киритди Уиткофф.
Унинг таъкидлашича, Украина масаласи бўйича музокараларда ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда ва тинчлик келишуви бўйича келишувга эришишга умид бор.
Шунингдек, Уиткофф Европада баъзи сиёсатчиларнинг Россияни сулҳдан бош тортганликда айблашларидан норозилигини билдирди.
"Кимдир жараён ҳақида аниқ маълумотга эга бўлмасдан шундай баҳоларни берганида, буни эшитиш мен учун афсусланарли", — деди АҚШ президентининг махсус вакили.
Аввалроқ Украина президенти Володимир Зеленский Жиддада Қўшма Штатлар ва Украина расмийлари ўртасида бўлиб ўтган музокараларда Запороже АЭС масаласи муҳокама қилинганини тасдиқлаган эди.
Бундан ташқари, АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам музокараларда Запороже АЭС масаласи кўтарилганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, АЭС кимга тегишли бўлиши ҳақидаги қарор сулҳ эълон қилинганидан сўнг, тинчлик келишуви доирасида муҳокама қилиниши мумкин.