Бугун 4 август, 2025 йил, душанба

O'ZB

Украина билан уруш даврида Россия қазилма ёқилғиларининг энг йирик харидорлари кимлар бўлди?

Украина билан уруш даврида Россия қазилма ёқилғиларининг энг йирик харидорлари кимлар бўлди?

2023 йил 1 январидан буён Россиядан қазилма ёқилғи – нефт, кўмир ва газ харид қилувчи давлатлар орасида Хитой энг йирик харидорга айланди. Ундан кейинги ўринда Ҳиндистон, учинчи ўринда Туркия, тўртинчи ўринда эса Евроиттифоқ қайд этилди. Европа мамлакатлари Россия энергия манбаларидан воз кечишга уринишган бўлса-да, 2022 йилдан кейин, айниқса табиий газ бўйича, бу йўналишда барқарор натижа қўлга киритилмади.

Қазилма ёқилғиларни кузатиш билан шуғулланувчи CREA ташкилоти маълумотларига кўра, Украина уруши бошланган дастлабки йилда Европа Иттифоқи Россиядан ёқилғи сотиб олишни кескин камайтирган. Бироқ шундан кейин бу жараён деярли тўхтаб қолган. Айни пайтда Хитой, Ҳиндистон ва Туркия Россия нефтини арзон нархларда сотиб олиш имкониятидан фойдаланиб, импорт ҳажмини кескин оширди. 2022 йили Ҳиндистонга етказиб берилаётган ёқилғи оқими жуда юқори даражада ўсди, Туркия ҳам сўнгги ойларда харидни анча кўпайтирган. Европа Иттифоқи давлатлари орасида Венгрия, Словакия, Франция ва Белгия энг йирик харидорлар сифатида ажралиб турди.

Россиянинг экспорт даромадларини чеклаш мақсадида жорий этилган бир неча босқичли санкциялар кутилган натижани бермади. Бунинг асосий сабаблари сифатида дунё бўйлаб энергияга кучли боғлиқлик ва айрим бетараф давлатларнинг вазиятдан иқтисодий манфаат кўзлаб фойдалангани кўрсатилади.

Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп NATO Бош котиби Марк Рютте билан ўтказган музокаралари чоғида Россия билан савдо қилувчи давлатларга нисбатан 100 фоизлик “иккиламчи божлар” жорий этилиши мумкинлигини маълум қилган эди. Унинг таъкидлашича, агар 8 августгача Украина билан тинчлик шартномаси имзоланмаса, бу чоралар амалга оширилади. Шунга ўхшаш таҳдид март ойида Венесуэла нефтини харид қилувчиларга нисбатан ҳам билдирилганди, аммо ўшанда бож ставкаси 25 фоиз этиб белгиланган.

Киритилди: 23:40 03.08.2025. Ўқилди: 937 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!