ЎФА қалбаки чипталар борасида футбол мухлисларини огоҳлантирди.
15 октябрь куни Жаҳон чемпионати саралаш турнири доирасида Ўзбекистон ва БАА терма жамоалари ўзаро тўқнаш келади.
«Ушбу учрашувга қизиқиш юқори бўлмоқда. Шу ўринда чипталарни ноқонуний олиб сотиш ҳамда сохталаштириш ҳолатлари учраётгани ҳақида огоҳлантирамиз! Айнан мана шу ҳолатлар сабабли аввалги ўйинга кўплаб инсонлар қалбаки чипталар олган ҳолда стадионга кира олишмади. Бундай нопок ишга қўл урганларга қатъий чора кўрилишини маълум қиламиз.
Футбол мухлисларини чайқовчилар қўлидан чипта олмасликка чақирамиз. Қалбаки чипталар билан стадионга киритилмаслиги ҳақида огоҳлантирамиз!», дейилади ассосиация хабарида.
Эслатиб ўтамиз, тармоқларда 10 октябр куни кечган Ўзбекистон-Эрон баҳсида кўплаб мухлислар қалбаки чипталар сабаб стадион ташқарисида қолиб кетгани хабар берилганди.