Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ватандошларни жамоат жойларида ҳушёр бўлишга чақирди.
Қайд қилинишича, Бош консулхона ходимлари ва Туркия ИИВ Полиция ташкилоти вакиллари ўртасида маслаҳатлашув ўтказилган. Унда 23 октябр куни Анқара шаҳрида содир этилган террорчилик ҳужуми оқибатлари ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокама қилинган.
Бош консулхона ватандошларни жамоат жойларида ҳушёр бўлишга, эҳтиёт чораларини кўришга, айниқса аэропорт, темирйўл вокзали, автошоҳбекат, кема станциялари, метро ва бошқа жамоат транспортида хавфсизлик қоидаларига амал қилишга чақирди.
Шунингдек, Туркиядан чиқиб кетиш арафасида бўлган фуқароларга аэропортларга қайддан ўтиш (регистрация) вақтидан камида 1 соат олдин етиб бориш, шубҳали буюмлар ва шахслар тўғрисида яқин орадаги полиция ёки хавфсизликни таъминлаш бўлинмаларига хабар бериш тавсия этилди.