Жорий йилнинг 23-октабр куни Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Туркиянинг “Minvall Construction”, “ISHIK Peyzaj” ва “Meta Peyzaj Planning” ландшафт архитектура компаниялари раҳбарлари билан учрашди.
Учрашувда ландшафт архитектураси соҳасида дастурий таъминот ва тизим интегратори ҳамда ободонлаштириш соҳаси корпоратив сектори, дастурни амалга ошириш учун мутахассисларни жалб этиш ва лойиҳаларни мувофиқлаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида янги ишлаб чиқариш тармоқларини шакллантириш, шунингдек, «Яшил макон» миллий дастурини амалга оширишга оид маълумотлар тақдим этилди. Хусусан, шаҳар ва аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш бўйича иш режаси кўриб чиқилиб, 2030 йилгача «яшил» иқтисодиётга ўтиш бўйича қабул қилинган стратегиянинг муҳим жиҳатлари, самарали ва экологик тоза иқтисодиётни таъминлашда ўзаро боғлиқ муаммолар ва эҳтиёжлар мавжудлиги қайд этилди.
Қолаверса, йирик шаҳарлар, шаҳарчалар ва бошқа аҳоли пунктлари бўйлаб яшил боғлар, яшил белбоғлар, яшил ҳудудларни муҳофаза қилиш муҳимлиги, маҳаллий тадбиркорлар учун ҳам, хорижий инвесторлар учун ҳам яшил ҳудудлар яратиш ташаббуси алоҳида таъкидланди.
Қайд этиш жоизки, Азиз Абдуҳакимов турк компаниялари томонидан амалга оширилаётган боғлар ва дарахтзорларни ободонлаштириш бўйича лойиҳаларни ижобий баҳолаб, экологик тоза зоналар яратиш бўйича бир қанча объектлар билан танишишни таклиф қилди.
Маълумот учун, “Minvall Construction”, “ISHIK Peyzaj” ва “Meta Peyzaj Planning” замонавий архитектура, шаҳар дизайни ва ландшафт архитектураси соҳасидаги турк инновацион компаниялари бўлиб, шунингдек, турар-жой майдонлари қуриш билан шуғулланади.