Пайшанба куни Туркиянинг марказий Афёнкараҳисар вилоятида япониялик сайёҳларни олиб кетаётган йўловчи автобуси ағдарилиб кетди, натижада 22 киши жароҳат олди, деб хабар бермоқда TRT давлат телеканали.
Автобус пойтахт Анқарадан 250 км жануби-ғарбда, Кай-Суҳут трассасидаги Демирбел қишлоғи яқинидаги жарликка қулаган.
Маҳаллий шифохоналарга етказилган ярадорлардан бирининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.
Минтақага тез ёрдам бригадалари, жандармерия, полиция ва ўт ўчирувчилар юборилди, дейилади телеканал хабарида.
Расмий маълумотларга кўра, Туркияда 2023 йилда ўлим ёки жароҳатлар билан якунланган йўл-транспорт ҳодисалари сони 235 771 тага етиб, ўтган йилгига нисбатан 19,2 фоизга ошган.