Туркияда туғилиш кетма-кет 11 йилдан бери тўхтовсиз камайиб бормоқда. Агар туғилишнинг пасайиши ҳозирги суръатларда давом этса, тахминан 40 йилдан кейин Туркияда ўртача ёш 45 ёшдан ошиши мумкин. Бу ҳақда Туркия статистика институти (ТÜİК) раиси ўринбосари Фуркан Метин маълум қилди.
"Туркия 1990 йилларда 20 ёшли йигитга ўхшарди. 45 ёшли Туркиянинг энергияси 1990 йиллардаги 20-25 ёшли Туркиянинг энергияси билан бир хил бўлмайди," - дея таъкидлади у.
Сўнгги йилларда Туркия аҳолиси ўсиш суръатларининг сезиларли даражада секинлашгани мамлакат демографик тузилмасида чуқур ва ортга қайтмас ўзгаришлар юз беришидан жиддий хавотир уйғотмоқда. Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, туғилишнинг пасайишда давом этиши нафақат аҳоли ўсишини секинлаштиради, балки ишчи кучининг қисқаришига, ижтимоий таъминот тизимига юкламанинг ошишига, соғлиқни сақлаш ва кексаларни парвариш қилиш харажатларининг кўпайишига олиб келади.