АҚШ президенти Дональд Трамп вице-президент Жей Ди Вэнснинг Эрон билан уруш ва унинг сиёсий оқибатлари ҳақидаги позициясидан норози. Америка оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, Трамп 2028 йилги президентлик сайловларида Вэнсни эҳтимолий ворис сифатида қўллаб-қувватлашдан узоқлашмоқда.
The New York Times нашри вазиятдан хабардор манбаларга таяниб хабар беришича, Вэнс 3 ноябрь куни бўлиб ўтган оралиқ сайловларда республикачиларнинг мағлубиятини Эрон билан урушнинг чўзилиши, инфляция ва ҳаёт қийматининг ошиши билан боғлаган.
Дастлаб Трамп бу баҳони «асосан тўғри» деб атаган бўлса-да, кейинчалик вице-президентнинг позициясидан норозилигини билдирган.
Нашр маълумотларига кўра, президент Вэнсдан Эронга қарши ҳарбий операция бошлаш қарорини очиқ қўллаб-қувватлашини кутмоқда.
Айни вақтда Трамп Давлат котиби Марко Рубиони мақташда давом этмоқда. Рубио Эронга берилган зарбаларни АҚШ миллий хавфсизлиги учун ҳаётий муҳим қарор деб баҳолаган.
Ноябрь ойи бошида Трамп омма олдида Вэнсдан ўз позициясига қўшимча изоҳ беришни кутаётганини билдирган. Эронга ҳужум қилиш қарорини яна бир бор қабул қилармиди, деган саволга президент: «Ҳа, қабул қилардим», деб жавоб берган.
Манбаларга кўра, ушбу келишмовчиликлар вице-президентнинг сиёсий режаларига ҳам таъсир кўрсатган. Вэнснинг яқинлари унинг 2028 йилги президентлик сайловларида иштирок этиш-этмаслиги ҳозирча аниқ эмаслигини билдирмоқда.