АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп ўзининг Тruth ижтимоий платформасида янглишиб Илон Маскга шахсий хабарни жойлаштирди. Унда у шундай деб ёзган: “Қаердасиз? Биз сизни ва Х-ни соғиндик!”.
Хабарда айтилишича, Трамп Маскни Мар-а-Лагодаги мулкидаги Янги йил кечасига таклиф қилган ва бу жойни “коинот маркази” деб атаган.
Трамп ўз постида, шунингдек, Билл Гейтс гўёки байрамга келиш истагини билдирганини, бироқ бу ҳақда ҳозирча ҳеч қандай тасдиқ йўқлигини айтди. CNN маълумотларига кўра, Гейтс ҳақиқатдан ҳам Трамп билан учрашиш имкониятидан манфаатдор бўлган, бироқ аниқ режалар ҳозирча маълум эмас.
Трампнинг Маск билан муносабатлари сўнгги пайтларда кўпроқ муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Маск Трампнинг сайловолди кампаниясини катта хайриялар билан қўллаб-қувватлади ва баъзи Америка ОАВлари ёзганидек, бунинг учун янги маъмуриятда ўрин олди – у давлат харажатларини қисқартириш бўйича комиссияни бошқаради.
Танқидчилар Маскнинг Оқ уйга таъсиридан хавотирда, бироқ Трамп бу хавотирларни рад этади.
"Йўқ, у президент бўлмайди, чунки у бу мамлакатда туғилмаган", деди Трамп Маскнинг жанубий африкалик келиб чиқишига ишора қилиб.