АҚШ президенти Доналд Трамп жинсий савдода айбланган Жеффри Эпштейннинг ўлими юзасидан Адлия вазирлиги олиб борган терговдан норози бўлган айрим тарафдорларининг танқидига жавобан бош прокурор Пэм Бондини ҳимоя қилди.
Трамп Truth Social тармоғида тарафдорларига мурожаат қилиб, 2019 йилда қамоқда вафот этган Эпштейнга доир иш билан энди ҳеч ким шуғулланиши шарт эмаслигини, бунга вақт ва куч сарфлашга ҳожат йўқлигини ёзди.
Президентнинг сўзларига кўра, ҳозирда барча Бондига ҳужум қилмоқда, ҳолбуки у ўз вазифасини "ажойиб тарзда" бажармоқда. "Биз МGAда битта жамоамиз. Ҳозир содир бўлаётган воқеалар менга ёқмаяпти", — дея таъкидлади президент. МАGA — “Маke America Great Again” (“Американи яна буюк қилайлик”) шиори бўлиб, Трамп тарафдорларини бирлаштирувчи чақириқ ҳисобланади.
АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) ва Адлия вазирлиги томонидан эълон қилинган қўшма баёнотда айтилишича, Эпштейннинг қамоқда вафот этиши ва унинг эҳтимолий мижозлари бўйича бир қатор эски назарияларни тасдиқловчи ҳеч қандай далиллар топилмаган.
Америкалик машҳур консерваторлар, жумладан Илон Маск, бош прокурор Пэм Бонди ва ФҚБ директори Кеш Пателни танқид қилишмоқда. Бунга сабаб, аввалроқ Бонди “Эпштейн иши”га доир “муҳим фактлар”, жумладан “кўплаб исмлар” очиқланишини ваъда қилган эди.
Fox News ва NBC News хабарларига кўра, ФҚБ директорининг ўринбосари Ден Бонжино бу масалада Бонди билан жанжаллашган ва истеъфога чиқишни кўриб чиқмоқда. Пател ва Бонжино ФҚБда иш бошлашдан олдин "ҳукумат Эпштейн ҳақидаги маълумотларни АҚШ жамоатчилигидан яшираяпти", деб тахмин қилишган.
Reuters'нинг ёзишича, Адлия вазирлиги ва ФҚБ 300 гигабайтдан ортиқ маълумотларни ўрганиб чиққанидан сўнг, ҳеч қандай “мижозлар рўйхати” ёки Эпштейн машҳур шахсларни шантаж қилганига оид далиллар аниқланмаганини билдирди.
Баёнотда, шунингдек, ФҚБ илгари хулоса қилганидек, Эпштейн судни кутаётган пайтда қамоқхонада ўз жонига қасд қилгани билдирилди ва у бошқа биров томонидан ўлдирилмаганига оид версия яна бир бор тасдиқлангани айтилади.