Оқ уй юридик бўлими ноябрь ойида бўлиб ўтадиган оралиқ сайловларда демократлар ғалаба қозониши эҳтимолига тайёргарлик кўриш мақсадида маъмуриятдаги республикачилар учун ёпиқ брифинглар ўтказмоқда. Бу ҳақда «The Washington Post» ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Нашр суҳбатдошларининг сўзларига кўра, брифингларда амалдорларга Конгресс назорат органларининг ишлаш тамойиллари тушунтирилмоқда. Ходимлар ёзишмаларда эҳтиёткор бўлишга ва конгрессменларнинг сўровларига тезкорлик билан жавоб беришга чақирилмоқда.
Оқ уй мулозимларидан бири WP билан суҳбатда сайлов якунларига кўра республикачилар Конгресснинг камида битта палатаси устидан назоратни йўқотиши эҳтимоли жуда юқори эканини таъкидлаган. Бошқа бир манбанинг қўшимча қилишича, бу каби маслаҳатлашувлар Дональд Трампнинг 2025 йилда бошланган президентлик муддати даврида мунтазам ўтказиб келинмоқда. Бироқ охирги ойлардаги йиғилишларда бўлажак сайловлар билан боғлиқ «кучли ишоралар» сезилмоқда.
Газетанинг ёзишича, Эрон билан уруш туфайли юзага келган иқтисодий қийинчиликлар фонида президент Дональд Трампнинг машҳурлиги пасайиб бормоқда. WP, ABC News ва Ipsos томонидан ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, Вакиллар палатасига сайловларда демократлар қўллаб-қувватланиш бўйича беш фоизлик устунликка эга бўлишган.
АҚШда оралиқ сайловлар жорий йилнинг 3 ноябрь куни бўлиб ўтади. Унда Вакиллар палатасининг барча 435 аъзоси ва Сенатнинг 33 нафар аъзоси қайта сайланади. Ҳозирда Конгресснинг ҳар икки палатаси республикачилар назоратида (Вакиллар палатасида 435 тадан 219 та, Сенатда 100 тадан 53 та ўрин) бўлиб турибди.