АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп ўзининг иккинчи президентлик муддатида давлат раҳбарига тегишли барча моддий имтиёзлардан воз кечишини маълум қилди.
NBC телеканалига берган интервьюсида у йилига 400 минг доллар миқдоридаги президентлик маошини олмаслигини, шунингдек, умрбод пенсиядан ҳам воз кечишини айтди.
“Мен бир тийинни ҳам олмайман. Бу менинг давлат харажатларини камайтиришга қўшган ҳиссамдир”, деб таъкидлади Трамп.
Трамп, “эҳтимол Жорж Вашингтонни истисно қилганда”, иш ҳақи олмаган биринчи АҚШ президенти бўлиши мумкинлигини қўшимча қилди.
Биринчи президентлик муддатида ҳам Трамп президентлик маошидан воз кечиб, маблағларни хайрия ва турли дастурларга, жумладан, миллий боғларни муҳофаза қилишга йўналтирган эди.
Бундай қадамларга қарамасдан, Трамп ҳамон АҚШнинг энг бой одамларидан бири ҳисобланади. Forbes маълумотларига кўра, унинг бойлиги 2,3 млрд долларни ташкил этади.