Украина президенти Владимир Зеленский АҚШ президенти Дональд Трамп Украинада Patriot тизимлари учун ракеталар ишлаб чиқариш лицензиясини бериш масаласига «ижобий муносабатда» эканини билдирди.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина Трампдан лицензия олиш жараёнини тезлаштиришда ёрдам сўраган. Унинг таъкидлашича, лойиҳани амалга ошириш бир йил ёки бир ярим йил вақт олиши мумкин, аммо у узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган.
Зеленский, шунингдек, Трамп билан учрашувда Украинанинг қишга тайёргарлиги муҳокама қилинганини маълум қилди. У Украинага Patriot ракеталарининг «қишки пакети»ни беришни сўраганини айтди.
Бундан ташқари, томонлар энергетика инфратузилмасига зарбаларни тўхтатиш масаласини муҳокама қилган. Зеленскийнинг айтишича, музокараларда Украинанинг Россия нефтни қайта ишлаш заводлари ва бошқа энергетика объектларига зарбаларни бир томонлама тўхтатиши ҳақида таклиф бўлмаган.
«Агар улар бизнинг энергетика тизимимизга зарба бермаса, биз энергетика соҳасидаги ҳар қандай сулҳ форматига тайёрмиз», — деди Украина президенти.
Зеленский Владимир Путин билан «исталган вақтда» учрашишга тайёрлигини яна бир бор билдирди. Унинг сўзларига кўра, Трамп урушни тугатиш ва муҳим масалаларни муҳокама қилиш учун уч томонлама учрашув ташкил этиши мумкин.