Қўшма Штатлар президентининг сўзларига кўра, Вашингтон ва Теҳрон “келишувга жуда яқин” турибди.
"22 май куни телефон орқали суҳбатда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуга Эроннинг ядровий объектларига зарба бермаслигини айтдим. Мен унга ҳозир буни қилиш ноўринлигини билдирдим, чунки биз Теҳрон билан келишувга жуда яқинмиз", — деди Трамп Оқ уйда журналистларга.
АҚШ президентининг фикрича, Эрон ядровий инқирозини “жуда кучли ҳужжат” ёрдамида ва ҳарбий ҳаракатларсиз ҳам ҳал қилиш мумкин, деб ёзади Ахios.
Вашингтон Теҳрондан ядровий қурол ишлаб чиқишдан тўлиқ воз кечишни талаб қилмоқда. Бир неча раунд ўтказилган музокаралардан сўнг Эрон Қўшма Штатларнинг ядровий дастурдан бутунлай воз кечиш талаби ўрнига араб давлатлари ва АҚШ инвестицияси иштирокида уранни бойитиш бўйича қўшма корхона ташкил этишни таклиф қилди.
Оммавий ахборот воситалари маълумотига кўра, Исроил Эроннинг ядровий объектларига зарба бериш имкониятини кўриб чиқмоқда. CNN'нинг хабар беришича, 21 май куни АҚШ янги разведка маълумотларини олган ва бу Исроил зарбаси эҳтимоли “сезиларли даражада ошганини” кўрсатган. CNN манбаларидан бири айтишича, АҚШ ва Эрон ўртасидаги ядровий келишув истиқболи — Исроил норози бўлаётган асосий омиллардан бири бўлиб, бу зарба эҳтимолини янада оширмоқда.