АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича бўлажак маслаҳатчиси Майк Уолтс АҚШ ҳарбийлари Сурияда бўлмаслиги кераклигини айтди.
Бу ҳақда у ўз интервюсида айтиб ўтди ва бу позиция сайловчиларнинг кўпчилиги қўллаб-қувватлаган мандатга мос келишини таъкидлади.
“Президент Трамп мутлақо ҳақ. Аксарият америкаликлар “Бизни Яқин Шарқдаги можароларга тортманг” деган позицияни қўллаб-қувватлайди. Биз ҳарбийларимизнинг Сурияда бўлишини ёки у ердаги амалиётларда қатнашишини истамаймиз”, — деди Вэлс.
Шу билан бирга, АҚШ минтақадаги воқеаларни кузатишда давом этишини, Даиш террор ташкилоти ҳаракатлари ва Исроил чегарасидаги вазиятга алоҳида эътибор қаратишини таъкидлади.
Бундан ташқари, Вэлс Эроннинг ядровий қурол ишлаб чиқаришига йўл қўйиб бўлмаслигини эълон қилди ва Қўшма Штатлар бундай режаларни амалга оширишга йўл қўймаслигини таъкидлади.
Аввалроқ Сурия етакчиси Аҳмад ал-Шара АҚШ Давлат котибининг Яқин Шарқ масалалари бўйича ёрдамчиси Барбара Лиф бошчилигидаги делегация билан учрашган эди. Баас режимини ағдарган Ҳарбий операциялар қўмондонлиги, Дамашқда бўлиб ўтган йиғилиш натижалари ҳақида баёнот берди.
Ҳужжатда айтилишича, Суриянинг янги маъмурияти Америка вакилларининг ташрифини олқишлаган. Аҳмад ал-Шара Қўшма Штатларни мамлакатни барча даражадаги қайта тиклашни қўллаб-қувватлашга ва Суриянинг тикланишига тўсқинлик қилаётган ва халқнинг азоб-уқубатларини ошираётган санкцияларни бекор қилишга чақирди.
“Сурия халқига урушлар ва можароларсиз янги давр керак”, деди ал-Шара. Унинг таъкидлашича, сурияликлар Башар ал-Ассад режимини ағдариш ва минтақани хаосдан ҳимоя қилишда муҳим рол ўйнаган.