АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Россия–Украина урушига барҳам бериш бўйича янги режа ишлаб чиққани ҳақида қатор нашрлар, жумладан, Axios, Reuters, Financial Times ва The Economist ўз манбаларига таяниб хабар тарқатди. Уларнинг таъкидлашича, таклиф этилган янги келишув «Кремлнинг деярли барча талабларини акс эттиради». Украина ва унинг иттифоқчилари эса уни «Россия учун улкан имтиёз» деб қабул қилиши мумкин.
Axios нашрининг ёзишича, Трамп маъмуриятининг тинчлик режаси жами 28 банддан иборат бўлиб, қуйидаги асосий таклифларни ўз ичига олади:
Украина армияси Донецк вилоятидан чиқиб кетиши, яъни Донбассни амалда Россияга топшириши таклиф қилинган.
Донецк ва Луганск ҳудудлари демилитаризация қилинган зонага айланади, яъни бу ерда Россия ҳам армия жойлаштира олмайди.
Россия аннексия қилган, лекин тўлиқ назорат қилолмаган Запорожье ва Херсон вилоятларидаги фронт чизиғи музлатиб қўйилади.
Келгусида музокаралар натижасига кўра, Россия бу ҳудудларнинг бир қисмини Украинага қайтариши мумкин, лекин қайси қисм экани номаълум.
Таклифга кўра, АҚШ ва қатор Европа давлатлари Қрим ва Донбассни расман Россия ҳудуди деб тан олади, аммо Украина буни тан олишга мажбур қилинмайди.
Financial Times маълумотига кўра – икки баравар, The Economist маълумотига кўра эса икки ярим баравар қисқартирилиши керак.
Шунингдек:
АҚШ Украинага Россиянинг янги тажовузи ҳолатида хавфсизлик кафолатлари беришини ваъда қилади. Лекин юқоридаги режада уларнинг мазмун-моҳияти очиқланмаган.
Ғарб нашрларининг таъкидлашича, Трамп маъмурияти янги режаси, асосан Россия 2022-2023 йилларда Истанбул музокаралари вақтида илгари сурган талабларга ҳамда Москва доимий равишда такрорлаб келаётган геосиёсий ультиматумларга яқин.
Бу мазкур режанинг кимлар томонидан ишлаб чиқилгани ёки таъсир этувчилар доирасини янада тушунарли қилади. Ҳатто режани тайёрлашда иштирок этганлар орасида амалдаги ва собиқ Россия расмийлари, АҚШ расмийлари ҳамда Қатар ва Туркия вакиллари ҳам бўлгани айтилмоқда.
АҚШ томонидан режани илгари суриш билан президентнинг махсус вакили Стив Уиткофф шуғулланди.
Украина президенти Зеленский эса муҳокамаларга Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши раҳбари Рустем Умеровни юборган.
Уиткофф ва Умеров 15–16 ноябр кунлари бўлиб ўтган учрашувда режанинг кўплаб бандлари бўйича муҳокама ўтказган.
Ғарб нашрлари хабар беришича, Украина бу режани қўллаб-қувватламаган. Шу боис Анқарада ўтказилиши керак бўлган Зеленский-Уиткофф-Хакан Фидан (Туркия ташқи ишлар вазири) учрашуви ўтказилмаган.
Киевнинг фикрига кўра, режа Украина манфаатларига зид ва суверенитетга тажовуз. Шу билан бирга Россияга улкан имтиёзлар беришни кўзлайди. Шу боис Зеленский музокараларга Европа давлатларини ҳам жалб қилишни талаб қилган.
«Агар Украина урушни давом эттирса, Донбассни барибир йўқотиши мумкин. Шунинг учун ҳозирги келишувни имзолашдан Украина манфаатдор», – деган Axios билан суҳбатлашган АҚШ расмийси.
Ўз навбатида, Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Москва музокараларга тайёрлигини, ўртадаги танаффус Киев буни истамаётгани туфайли юзага келганини айтган.
Манба: meduza.io