Трамп маъмурияти 29 та давлатдаги элчиларни чақириб олмоқда, улар Байден даврида тайинланган эди — Associated Press.
Агентликнинг АҚШ Давлат департаментидаги манбаларига таяниб хабар беришича, ўтган ҳафта Трамп маъмурияти камида 29 та давлатдаги элчиларини ваколат муддати январда тугаши ҳақида огоҳлантирган.
Бу давлатлар қаторида 13 та Африка давлати, Осиё-Тинч океани минтақасидан олтита (жумладан, Филиппин ва Вьетнам), Европа қитъасидан тўртта (Арманистон, Македония, Черногория ва Словакия), шунингдек, Жазоир, Миср, Непал, Шри-Ланка, Гватемала ва Суринам бор.
"Лавозимидан озод этилаётган дипломатлар Жо Байден маъмурияти даврида тайинланган эди. Уларнинг ўрнини Трампнинг устувор йўналишлари ҳамда унинг “America First” (“Америка биринчи навбатда”) ғоясини қўллаб-қувватлайдиган ходимлар эгаллаши кутилмоқда", дея ёзади Associated Press.
Politico нашри эса бу қадамни "ноодатий" деб атамоқда. Одатда янги келган президентлар элчиларни алмаштирса-да, кареравий дипломатларга ўз ишини давом эттиришга имкон берилар эди. Бироқ бу гал Трамп маъмурияти бошқача йўл тутишга қарор қилган.