АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон ядро дастури бўйича музокаралар кетаётган пайтда Теҳронга босимни кучайтирмоқда. Қўшма Штатлар ҳукумати Эрон нефтининг ҳар қандай харидорига қарши иккинчи даражали санкциялар жорий қилади. Бу ҳақда Оқ уй раҳбари 1 май, пайшанба куни Truth Social ижтимоий тармоғида маълум қилди.
«Ҳозир Эрон нефти ёки нефть-кимё маҳсулотларини барча харидлар тўхтатилиши керак! Эрондан нефть ёки нефть-кимё маҳсулотини ҳар қандай миқдорда сотиб олган давлат ёки жисмоний шахс дарҳол иккинчи даражали санкцияларга дучор бўлади», деб ёзган Трамп.
«Улар (компаниялар ва жисмоний шахслар)га Америка Қўшма Штатлари билан ҳар қандай шаклда бизнес юритиш тақиқланади», — дея қўшимча қилди у.
Хитой Эрон нефтининг энг йирик харидори ҳисобланади, дея хабар беради dpa агентлиги.