АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон Вашингтон билан келишув имзолаш учун «сўнгги имконият»га эга эканини билдирди. Унинг айтишича, Яқин Шарқдаги қатор иттифоқчи давлатлар мурожаатидан сўнг Эронга қарши ҳарбий зарбалар яна бир бор кечиктирилган.
«Кўплаб давлатлар қўнғироқ қилди. Ҳамма бунга сўнгги имконият беришни истади. Бу — сўнгги имконият», — деди Трамп Оқ уйдаги Овал кабинетда журналистлар билан суҳбатда.
Ундан нега бу сафар ҳам аввалгидек ҳарбий зарбалар бекор қилингани ҳақида сўралганда, Трамп: «Уларнинг бошини олишдан олдин сўнгги имкониятни бермоқчиман», — дея жавоб берди.
Президентнинг таъкидлашича, Эрон билан музокаралар тез суръатда олиб борилади. Унинг фикрича, сешанбага қадар Ҳурмуз бўғози тўлиқ очилиши мумкин ва бу бўлажак келишувнинг «биринчи босқичи» бўлади.
Трампнинг сўзларига кўра, иккинчи босқич Эроннинг ядровий дастурини тўлиқ тугатиш (денуклеаризация)дан иборат бўлади. У бу жараён «бироз кўпроқ вақт талаб қилишини» тан олди.
Шунингдек, Трамп ҳар икки мақсад АҚШ ва Эрон ўртасида июнь ойида имзоланган ўзаро англашув меморандумида ҳам белгилаб қўйилганини маълум қилди.