АҚШ президенти Дональд Трамп Эроннинг етти кунлик ўт очмаслик режими ва Ҳурмуз бўғозини очиш бўйича таклифига шубҳа билан қарамоқда. The Wall Street Journal нашри Вашингтондаги амалдорларга таяниб хабар беришича, Трамп ноябрь ойида АҚШ Конгрессига бўлиб ўтадиган оралиқ сайловлардан кейин Эронга қарши зарбаларни қайта бошлаш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда.
"Трамп ёпиқ суҳбатларда Эрон унинг талабларини бажаришига шубҳа билдирган. Шунингдек, у ўз ходимларига бомбардимонлар қайта бошланиши эҳтимоли юқори, деб ҳисоблашини айтган", — дейилади нашр хабарида.
Манбаларга кўра, ҳозирча якуний қарор қабул қилинмаган. Трампнинг кейинги позициясига ноябрдаги АҚШ Конгресси оралиқ сайловлари натижалари ҳам таъсир қилиши мумкин.
Reuters эса ҳозирча The Wall Street Journal тарқатган ушбу маълумотни мустақил равишда тасдиқлай олмаганини қайд этган.