🔥 Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси ва контрабандасига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ҳамда Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида “Тошкент – Фарғона” йўналишида ҳаракатланаётган “Tracker” русумли транспорт воситаси йўл-патруль хизмати масканида тўхтатилди.
Фарғона шаҳрида яшовчи, 1990 йилда туғилган, муқаддам Жиноят кодексининг 166-моддаси (талончилик) билан судланган фуқаро бошқарувида бўлган автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг салонида ҳайдовчи ўз истеъмоли учун сақлаб қўйган 1,72 грамм наркотик модда борлиги аниқланди. Қўшимча текширув давомида эса транспорт воситасининг юкхонасидан 8 кг 913 грамм “гашиш” моддаси олинди.
Терговга қадар текширув жараёнида аниқланишича, мазкур шахс муқаддам наркокурьерлар томонидан қўшни давлатдан Тошкент вилояти ҳудудига контрабанда йўли билан олиб кирилган ушбу ажал оғусини қабул қилиб олиб, доимий яшаш манзилига кетаётган бўлган.
Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.