Бугун 3 июль, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

“Тотли рўёлар” спектакли премьераси бўлиб ўтди

“Тотли рўёлар” спектакли премьераси бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 6 май кунги ПФ-73 Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024-2028 йилларга мўлжалланган миллий стратегия”да аҳолининг кенг қатлами, айниқса ёшлар ўртасида гиёҳвандликка қарши иммунитетни мустаҳкамлаш алоҳида мақсад этиб белгиланган.

Ушбу мақсаддан келиб чиқиб, Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази ташаббуси билан Ўзбекистон Давлат Сатира театри томонидан гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг аянчли оқибатларини ёритувчи Тотли рўёлар” номли спектакль саҳналаштирилди. Бу ҳақда Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази хабар берди.

Сценарий муаллифлари – Абдукаюм Йулдашев ва Сардорбек Хамроев.

Постановкачи режиссёр – Ғофир Мардонов.

Спектаклнинг премьераси 2025 йил 2 июль куни Сатира театрида бўлиб ўтди.

Спектакль драмаси бугунги кунда бутун дунёда тобора авж олиб бораётган гиёҳвандлик оқибатларига ва бу балонинг ғам-кулфатлари, фожиалари ҳамда йўқотишларига бағишланган бўлиб, бош қаҳрамонлар ушбу иллатга гирифтор бўлган ёшлардир.

Мазкур спектакль орқали ёшларга бу йўлга киришнинг аянчли оқибатлари, наркотиклар нафақат уларни суиистеъмол қилган инсонни, балки унинг яқинлари ҳаётини ҳам дўзахга айлантириб юборишини кўрсатиб бериш мақсад қилинган.

Бундан ташқари, ёшларнинг манфур кимсалар алдовига тушиб қолмасликлари ва наркожиноятчиларнинг тўрига илинмасликлари учун ҳамиша огоҳ ва ҳушёр бўлишлари нақадар зарур ва шарт эканлиги томошабинларга ҳаётий мисоллар, аччиқ сабоқ сифатида хизмат қиладиган фожиалар билан намойиш этилди.

Тадбир давомида томошабинларга 4 хил намунадаги (ёшлар, ота-оналар ва устозлар учун эслатмалар, шунингдек наркожиноятларнинг ҳуқуқий оқибатлари тўғрисида) флаерлар тарқатилди.

Киритилди: Бугун 09:37. Ўқилди: 280 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!