Тошкент шаҳар ҳокимининг «Ахборот, ҳисобот, мулоқот» шаклидаги учрашуви доирасида қурилиш объектларида экологик нормаларни жорий этиш ва майдонларни ягона тартиб асосида ташкил этишга қаратилган янги лойиҳа тақдим этилди.
Лойиҳага кўра, қурилиш объектлари ташқи томондан махсус тўсиқлар билан ўралади. Шунингдек, объект паспорти ўрнатилиб, унда қурилиш ҳақидаги барча зарур маълумотлар жойлаштирилади. Пиёдалар хавфсизлиги учун ҳимоя соябонлари ташкил этиш ҳам мажбурий талаблардан бири бўлади.
Қурилиш майдонлари атрофида микроиқлим яратиш тизимлари, сув пуркагич ва дозаторлар ўрнатиш режалаштирилган. Бу чоралар ҳавога тарқаладиган чанг миқдорини камайтиришга хизмат қилади.
Қурилиш жараёнларини доимий кузатиб бориш мақсадида видеокузатув камералари ўрнатилади ва улар Қурилиш назорати инспекциясининг ягона тизимига интеграция қилинади. Бундан ташқари, экологик датчиклар, тунги кузатув воситалари, артезиан қудуқлари, автомобилларни ювиш майдончалари ҳамда автоматик электр ҳисоблагичлари жорий этилади.
Шунингдек, қурилиш техникаларининг шаҳар кўчаларига тоза ҳолда чиқишини таъминлаш ҳам асосий талаблардан бири сифатида белгиланмоқда.
Маълум қилинишича, пойтахтдаги 1700 га яқин қурилиш объектини янги талабларга мослаштириш учун қурилиш ташкилотларига муайян муддат берилади.
Учрашув давомида аҳоли ва мутахассисларнинг таклифлари ҳам муҳокама қилинди. Тошкент шаҳар ҳокими лойиҳани такомиллаштириш бўйича конструктив таклифлар инобатга олинишини таъкидлади.