Интернет тармоғида фуқаролар ва ички ишлар органлари ходимлари иштирокидаги ҳолат видеоси тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ мазкур факт бўйича маълумот берди.
28 август куни Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ патрул-пост хизмати ходимлари сафдор Ҳикматилла И. ва Фарходжон Х.лар Янгиҳаёт тумани Спутник 15 массивидаги 12-сон автобус парки яқинида тунги вақтдаги пиёда патруллаш давомида хатти-ҳаракатлари билан шубҳа уйғотган икки нафар фуқаро – 27 ёшли Турсунбой Н. ва 30 ёшли Улуғбек Г.ларни кўриб қолишди. Ходимлар фуқароларнинг ёнига келиб, ўзларини таништиргач, жамоат жойида ниқобсиз юриш маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланиши ҳақида огоҳлантиришди. Сўнг фуқароларнинг шахсларини аниқлаш мақсадида улар туман ИИО ФМБ ички ишлар бўлимига таклиф қилиндилар. Аммо йигитлар бу илтимосга жавобан қўпол тарзда қаршилик кўрсатиб, ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмадилар. Турсунбой боши билан сафдор Ҳикматилла И.нинг бурун қисмига зарба бериб, унга бадан шикасти етказди. Турсунбой ва Улуғбекнинг воқеа жойига етиб келган патрул-пост хизмати ходимлари томонидан қўлга олиниш жараёни видеога тушиб қолган. Ҳуқуқбузарлар ИИБга, жабрланувчи эса тиббиёт муассасига етказилди.
Мазкур факт бўйича тўпланган ҳужжатлар Янгиҳаёт тумани прокуратурасига йўналтирилди.
Янгиҳаёт тумани прокуратураси томонидан Турсунбой Н.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (“Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш”) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Тергов давом этмоқда.