Сайёрамиздаги сув ресурслари танқислиги муаммоси йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Бир суткада дунё миқёсида 10 млрд тоннагача сув истеъмол қилинади. Чучук сувнинг 70%и қишлоқ хўжалиги эҳтиёжларига йўналтирилади – бир тонна буғдой етиштириш учун минг тоннага яқин сув сарфланиши керак. Бу ресурс учун иқтисодиётнинг бошқа соҳалари ўртасида ҳам кураш кетаётган бир пайтда қишлоқ хўжалиги олдида кам сув сарфлаган ҳолда кўпроқ ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш масаласи кўндаланг турибди.
Жорий йилнинг 18 апрел куни ўтказилган йиғилишда Президентимиз мазкур муаммога алоҳида тўхталиб, бир қатор вазифаларни белгилаб берди. Уларнинг ижроси сифатида “Агробанк” ва Сув хўжалиги вазирлиги “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети билан ҳамкорликда “Сувчилар мактаби” лойиҳасини йўлга қўйди. Мазкур кенг қамровли лойиҳанинг тантанали тақдимоти 29 май санасида миллий тадқиқот университети биносида бўлиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққан Сув хўжалиги вазири Ш.Ҳамроев лойиҳанинг аҳамиятига тўхталди:
"Ушбу мактабни ташкил этишдан мақсад қишлоқ хўжалиги соҳаси вакилларига сувдан самарали фойдаланиш орқали юқори ҳосилдорликка эришишни ўргатишдир. Бунда инновацион технологиялар, ривожланган хорижий мамлакатлар амалиётига жорий этилаётган янги тажрибалар орқали мактаб аъзолари фаолияти такомиллаштириб борилади", — деди вазир.
“Агробанк” АТБ Бошқарув раиси Р.Маматқулов ўз маърузасида келгуида “Сувчилар мактаби” доирасида амалга ошириладиган ишлар ҳақида маълумот берди.
Биринчи навбатда, сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини оширишда фермерларни ўқитиш муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам бу мактабда сувдан фойдаланиш маданиятини ошириш, сув тежовчи технологияларни қўллашнинг илғор усуллари бўйича билимлар берилади. Исроил, Туркия, Испания ва Хитойдан тажрибали мутахассислар ҳам жалб қилинади. Шу йил якунига қадар, Республиканинг ҳар бир ҳудудида Сувчилар мактаби ташкил этиш режалаштирилган 2024-2030 йилларда 45 мингдан ортиқ (ҳар йили 6500 нафар) фермер хўжаликларини сертификатлаш бўйича 1 ҳафталик ўқув курслари ва “Сувчилар мактаби” платформаси ташкил этилади.
Таълим дастури жорий йил май охиридан сентябр охиригача давом этади. Лойиҳа доирасида мамлакатимиз вилоят ва ҳудудларида 60 мингга яқин фермер ва 4000дан ортиқ сув таъминоти махсус ходимини (мироблар) ўқитиш режалаштирилган.
Мутахассислар ўқишдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификат, шунингдек, “Aгробанк” томонидан имтиёзли кредит олиш имкониятини қўлга киритишади.
“Сувчилар мактаби” га рўйхатдан ўтиш:
Telegram - бот oрқали @suvchimaktabi_bot;
Web-cайт: http://suvchimaktabi.uz;
Teлефон: 1319.