Бугун 27 июль, 2026 йил, душанба

O'ZB

Тошкентда Озарбайжон ва Ўзбекистон адабий-маданий алоқаларига бағишланган нашрлар тақдимоти бўлиб ўтди

Тошкентда Озарбайжон ва Ўзбекистон адабий-маданий алоқаларига бағишланган нашрлар тақдимоти бўлиб ўтди

Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Элчихонаси ҳузуридаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Марказида Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги адабий-маданий алоқаларни ривожлантиришга бағишланган нашрларнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда таниқли публицист, "Халқ газетаси"нинг Туркистон бўйича махсус мухбир Қулу Кенгарли тартиб қилган "Қалбимиз бир уради" алманахи, "Адабий ва абадий кўприк" антологияси, шунингдек, "Ўтмиш унутилмаганда тарихга айланади" ҳамда "Икки халқнинг фарзанди: Фирудин Сафаров" китоблари жамоатчиликка тақдим этилди.

Маросимни кириш сўзи билан очган Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази директори Акиф Марифли Озарбайжон ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги дўстлик, қардошлик ва маънавий яқинлик чуқур тарихий илдизларга эга эканини таъкидлади. Нутқ давомида Озарбайжон Республикаси Президенти жаноб Илҳом Алиев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти жаноб Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси ва алоҳида эътибори туфайли икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик, жумладан, маданий-гуманитар ҳамкорлик изчил ривожланаётгани алоҳида қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, муаллифнинг тақдим этилган нашрлари Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги адабий-маданий алоқаларни тизимли равишда тадқиқ этиш, умумий тарихий хотирани асраб-авайлаш, шунингдек, икки қардош халқнинг адабиёт, санъат ва маданият намояндаларини кенг китобхонлар аудиториясига танитиш нуқтаи назаридан муҳим илмий-публицистик қийматга эга экани таъкидланди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон адабий жамоатчилиги вакиллари Нурхон Алимирзаева ва Манзура Бахтиёр тақдим этилган нашрлар Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги адабий-маданий муносабатларнинг бой мазмунини ўзида акс эттиришини қайд этдилар. Улар ушбу нашрлар нафақат адабий ҳодиса, балки Озарбайжон–Ўзбекистон дўстлиги, маънавий яқинлиги ва гуманитар ҳамкорлигини мустаҳкамловчи муҳим маданий ҳисса эканини таъкидладилар.

Нашрларнинг муаллифи ва муҳаррири Қулу Кенгарли ўз чиқишида китобларнинг яратилиш жараёни ҳақида сўз юритар экан, кўп йиллик кузатувлар, илмий изланишлар ва адабий алоқаларга бўлган чуқур қизиқиш натижасида яратилган ушбу нашрлар икки қардош халқ ўртасидаги сўз ва санъат кўпригини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди. У тақдим этилган китоблар келажак авлодлар учун Озарбайжон–Ўзбекистон адабий-маданий муносабатларини ўрганишда қимматли манба сифатида алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.

Қайд этилишича, "Қалбимиз бир уради" алманахида замонавий ўзбек адабиётининг 36 нафар вакилининг озарбайжон тилига таржима қилинган шеърлари, "Адабий ва абадий кўприк" антологиясида эса 11 нафар озарбайжон ва 11 нафар ўзбек шоирининг шеърий намуналари ўрин олган. "Ўтмиш унутилмаганда тарихга айланади" китоби тақдири Марказий Осиё билан боғлиқ бўлган озарбайжонликларнинг ҳаёт йўлига, "Икки халқнинг фарзанди: Фирудин Сафаров" нашри эса таниқли опера режиссёри Фирудин Сафаров ижодига бағишланган.

Умуман олганда, тақдим этилган нашрлар Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги адабий алоқаларни кенгайтириш, маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро ижодий алмашинувни ривожлантиришга муҳим ҳисса қўшгани таъкидланди.

Киритилди: 16:28 19.06.2026. Ўқилди: 1410 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!