Тошкент тумани, Қорасарой маҳалласидан оқиб ўтувчи сув бўйига қурилиш чиқиндилари тўкиб кетилди. Ҳолат ушбу ҳудуддаги хонадонлардан бирига ўрнатган кузатув камерасига тушиб қолган.
Тошкент вилояти Экология бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган суриштирувда ушбу маҳаллада яшовчи А.Т. ЗИЛ русумли юк машинасида қурилиш чиқиндиларини белгиланмаган жойга ташлагани аниқланган.
Хабарга кўра, A.T. аввал ҳам шундай ҳуқуқбузарлик содир этган ва 7 сентябр куни маъмурий жавобгарликка тортилиб, 1 миллион 650 минг сўм миқдорида жарима солинган. Орадан 8 кун ўтиб фуқаро томонидан такрор ҳуқуқбузарлик содир этилгани айтилмоқда.
Экология вазирлигининг таъкидлашича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91(1)-моддасига (Белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш) кўра, ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, ҳуқуқбузарлик қуроли мусодара қилинади.
Шунга асосан, А.Т. юк машинаси вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига қўйилган. Мусодара қилиниши юзасидан ҳужжатлар тўпланиб, судга даъво аризаси киритилади.