Янги Ўзбекистоннинг эртанги куни бугунги мактаб остонасидан бошланади. Фарзандларимизнинг дунё миқёсида рақобатбардош ҳамда халқаро миқёсда ўз ўрнига эга бўлиши бевосита аниқ ва табиий фанларни пухта ўзлаштириши билан боғлиқ. Бу эса таълим тизимида мазкур фанларни ўқитиш сифати ва самарадорлигини таъминлашни талаб этади. Шунингдек, Республикамизда сўнгги йилларда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш мақсадида таълим тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жамиятнинг мактаб таълимига бўлган муносабатларини ижобий томонга кескин ўзгартириб юборди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 28-январда 2022-2026-йилларга мўлжалланган “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги Фармонда таълим сифатини ошириш, соҳани илғор хорижий тажриба асосида ислоҳ қилиш мақсадида жорий йилда қатор муҳим чоралар амалга оширилиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 21-июндаги “Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 231-сон қарори, Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2024-йил 7-августдаги “Умумий ўрта таълим муассасалари ўқитувчилари учун “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати” тадбирларини босқичма-босқич жорий этиш тўғрисида”ги 246-сон буйруғида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 30-май куни Тошкент шаҳридаги Hilton Tashkent City меҳмонхонасида Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти ва “Science and Innovation” халқаро илмий журнали ҳамкорлигида “Аниқ ва табиий фанларни ўқитишда замонавий ёндашувлар: муаммо ва ечимлар” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги кўмагида ўтказилаётган мазкур халқаро анжуманни, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз таълим соҳасидаги муҳим воқеа десак муболаға бўлмайди.
Мазкур анжуман аниқ ва табиий фанлар таълими соҳасида мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш, уларни ҳал этишнинг замонавий ёндашувларини муҳокама қилиш, илғор педагогик технологиялар ва инновацион методларни таълим жараёнига татбиқ этиш йўлларини аниқлашга қаратилган. Тадбир, шунингдек, турли мамлакатлар мутахассислари ўртасида тажриба алмашинуви, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илмий асосланган стратегиялар ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишни кўзда тутади.
Анжуманда қуйидаги йўналишларда шўбалар фаолият олиб борди:
1. Хорижий тажриба асосида ўқитиш методикаси (TIMSS, PISA, PIRLS баҳолаш дастурлари доирасида);
2. Фанларни ўқитиш самарадорлигини оширишга доир долзарб масалалар;
3. Илмий-назарий асослар орқали таълим сифатини ошириш;
4. Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектнинг таълимдаги роли;
5. Ўқитувчиларнинг касбий компетентлигини ривожлантиришнинг педагогик ва
психологик асослари.
Анжуманда Ўзбекистон, МДҲ давлатлари ҳамда бошқа хорижий мамлакатлардан 200 дан ортиқ илмий мақола тақдим этилди. Шундан 150 та мақола илмий кенгаш томонидан танлаб олинди, 25 та хорижий мақола қабул қилинди ва 20 нафар хорижий олим ўз тақдимотлари билан иштирок этди. Шунингдек, 300 дан ортиқ маҳаллий профессор-ўқитувчилар, докторантлар, мустақил тадқиқотчилар ва талабалар анжуманда фаол қатнашди.
Мақолалар сифати ва мавзулар долзарблиги бўйича махсус илмий ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. Илмий сессиялар давомида мақолалар атрофлича муҳокама қилинди. Танланган мақолалар Полшанинг Index Copernicus, Европанинг Zenodo ва OpenAIRE платформаларида чоп этилиши, шунингдек, ilmiyanjumanlar.uz порталида эълон қилиниши кўзда тутилган. Барча мақолалар Гоогле Счолар тизими орқали индексланади, бу эса уларнинг халқаро миқёсда кенг тарғиб қилинишига хизмат қилади.
Мазкур халқаро илмий-амалий анжуман аниқ ва табиий фанлар ўқитилишида замонавий, инновацион ёндашувларни жорий этиш, хорижий тажрибаларни ўрганиш ва таълим сифатини ошириш йўлида муҳим қадамлардан бири бўлди. Анжуманда билдирилган таклиф ва тавсиялар, тақдим этилган мақолалар ҳамда ўзаро фикр алмашувлар асосида ишлаб чиқилган илмий ёндашувлар мамлакатимизда рақобатбардош, замонавий билимларга эга бўлган кадрларни тайёрлаш жараёнини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.