Бугун 23 август, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Тошкентда 585 та маҳаллада китобхонлик бурчаклари ташкил этилади

Тошкентда 585 та маҳаллада китобхонлик бурчаклари ташкил этилади

Тошкентда аҳоли, хусусан, ёшларни китобхонликка жалб этиш мақсадида пойтахтнинг 585 та маҳалласида босқичма-босқич китобхонлик бурчаклари ташкил этилади. Шунингдек, 12 та туманда замонавий кутубхоналар барпо этилади.

Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов ЎзАга берган интервьюсида маълум қилди.

Мазкур вазифалар Президентнинг 2026 йил 27 июлдаги «2026–2027 йилларда Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-279-сон қарорида белгиланган.

Қарорда китоб ва китобхонлик шаҳар муҳитининг таркибий қисми сифатида қаралган. Шу боис ҳар бир маҳаллада аҳоли учун китобхонлик бурчакларини ташкил этиш режалаштирилган.

Шунингдек, пойтахтнинг 12 та туманида йирик, интерактив ва замонавий кутубхоналар қурилади. Уларнинг жойлари аллақачон белгиланган.

«Мақсадимиз — шунчаки китоб сақланадиган бино қуриш эмас, йилига миллионлаб одам ташриф буюрадиган ва ўзининг илмий-маънавий эҳтиёжларини қаноатлантира оладиган жамоат маконини яратиш», — деди Шавкат Умурзоқов.

Янги қурилаётган йирик савдо марказларида майдонига мос китоб дўконларини очиш мажбурий талаб сифатида белгиланади. Гавжум ва туристик кўчаларда эса имтиёзли шартларда китоб дўконлари ҳамда китоб кафелари ташкил этилади.

Тошкентдаги «Мовий гумбазлар» ҳудуди ҳам мутолаа маданиятига ихтисослашган жамоат маконига айлантирилади. Мажмуанинг тарихий қиёфасини тиклаш лойиҳаси китобхонлар ва жамоатчилик муҳокамаси асосида амалга оширилиши режалаштирилган.

Шунингдек, шаҳар миқёсида «Энг яхши китобхон» танловини жорий этиш режалаштирилмоқда.

«Мақсад битта — инсон қаерда бўлмасин, маҳаллада, туманда, кўчада ёки савдо марказида — китоб унга яқин бўлсин», — деди шаҳар ҳокими.

Киритилди: 19:44 22.08.2026. Ўқилди: 223 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!