Ўзбекистонда 38 минг ўринли 83 та талабалар турар жойларини барпо этиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Шундан, давлат-хусусий шериклик асосида 23 494 ўринли 50 та, олийгоҳ ва буджет маблағлари ва олийгоҳларнинг тўлиқ ўз маблағлари ҳамда инвестиция дастури доирасида 10 660 ўринли 21 та талабалар турар жойлари қурилиши учун зарур маблағлар ажратилган.
Жорий йилнинг 1-июл ҳолатига 4 702 ўринли 12 та талабалар турар жойлари фойдаланишга топширилган ҳамда ҳозир 24 394 ўринли 51 та талабалар турар жойларини қуриш ишлари давом этмоқда.
Сентябргача мамлакат бўйича жами 6 400 ўринли 11 та талабалар турар жойи фойдаланишга топширилади.
Шундан, Тошкент шаҳри Талабалар шаҳарчаси ҳудудида жами 3 та 1800 ўринли қуйидаги ТТЖда қурилиш, таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланади:
Ўзбекистон миллий университети учун 1 та 400 ўринли;
Тошкент давлат техника университети учун 1 та 800 ўринли;
Тошкент тиббиёт академияси учун 1 та 600 ўринли.
Йил якунига қадар Давлат дастурида белгиланган 18 минг ўринли талабалар турар жойлари тўлиқ қуриб битказилади.
Тошкентда ижара уйларини топиш муаммоси
Ҳозирги кунда 48 976 нафар талабанинг (30%) турар жойга эҳтиёжи мавжуд, уларнинг ижара шартлари асосида хусусий хонадонларда яшашига тўғри келади.
Қайд этилишича, 23 774 та талаба (2, 3, 4-курслар) Тошкент шаҳрида ижара хонадони мавжуд эканлигини маълум қилган. Яъни, уларнинг аксарияти аввалдан яшаб келаётган ижара уйларини сақлаб қолишган ёки олдиндан ижара уйларини банд қилиб қўйишган.
Шу ҳолатда ижара хонадонларига жойлашишга муҳтож бўлган (ётоқхонадан жой берилмаган, ўз уйи, яқин қариндоши мавжуд бўлмаган ва ижара хонадони ҳам аниқ бўлмаган) талабалар 25 202 нафарни ташкил этмоқда.
Таҳлиллардан келиб чиқиб, ОТМларда барча тюторларни тўлиқ жалб қилган ҳолда маҳалла раислари билан ҳамкорликда бўш турган ижара хонадонларини топиш ишлари амалга оширилди. Уй эгалари билан бирма-бир суҳбатдан кейин жами 8 438 та ижара хонадонларининг манзилли рўйхатлари шакллантирилган.
Мазкур хонадонларга 24 254 та талабани жойлаштириш имкони мавжуд. Айни пайтда қолган 948 нафар талабага қўшимча ижара уйларини топиш ишлари давом этмоқда.
Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда бўш турган ижара хонадонларининг таъмирланиши ва жиҳозланиши белгиланган. Бўш турган ижара хонадонлари тўғрисидаги манзилли рўйхат барча талабаларга етказилмоқда.
Қайд этилишича, янги ўқув йилида талабаларни таъмирланган ва бўш турган ижара хонадонларига жойлаштириш ишлари ташкил этилади. ОТМларга кириш имтиҳонлари якунлангач, талабалар қаерда яшаши мумкинлиги ҳақида аниқ маълумотга эга бўлиши таъминланади.
Талабалар турар жойи билан тўлиқ таъминлаш имконияти бўлмаган ОТМ масъуллари томонидан янги топилган ижара уйлари (рўйхат бўйича тахминий танлов асосида) ҳамда ижара уйлари ҳақидаги маълумотлар (манзили, хонадон эгасининг исми шарифи, телефони, ижара уйининг нархи кўрсатилган ҳолда) эълон қилинган инфокиоскалар ташкил этилган.