Ислом цивилизацияси маркази илм-фан ва маърифат маркази сифатида дунё олимларининг диққат марказида бўлиб турибди. Бу маскан Ўзбекистон маданий мероси ҳафталиги доирасида Тошкентда ўтказилаётган «Шарқ Ренессанси феномени: давлатлар, динлар, шахслар ва тамаддунлар» мавзусидаги тадбирда яна бир бор эътироф этилди.
Анжуманга Ўзбекистон ва дунёнинг етакчи тарихчи, қадимшунос олимлари, экспертлар, музейшунослар, реставраторлар, дин соҳаси вакиллари, хаттотлар, мусаввирлар ва дизайнерлар, замонавий рақамли технологияларнинг билимдонлари, шарқшунос олимлар, адиб ва ижодкорлар таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов мамлакатимизда кечаётган шиддатли янгиланиш жараёнлари маърифий соҳалардаги туб ижобий ўзгаришлар билан ҳамоҳанг эканини таъкидлади.
Мутасадди Тошкентда барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази, шубҳасиз, миллий тарих ва келажак истиқболини ўзида мужассам этгани билан катта аҳамиятга эга эканини айтиб ўтди.