ХХ асрнинг 60 йилларига келиб телевидение ва радио Ўзбекистон маданий ҳаётида мустаҳкам жой эгаллай бошлади. 1957 йилда бунёд этилган 180 метрлик биринчи Ўзбекистон телемаркази 4 миллионлик пойтахт ва Тошкент вилояти аҳолиси эҳтиёжини етарлича қондириш, телевизион кўрсатувларни кўпайтириш ва тоғли туманларга дастурларни етказиб беришга ожизлик қилиши маълум бўлди.
Шу боис, 1971 йилнинг 1 сентябрида Тошкент радиотелевизион узатиш маркази қурилиши бошқармаси ташкил этилиб, қисқа фурсат ичида янги телеминора лойиҳасини тайёрлашга киришилди. 1978 йилда телеминора қурилиши бошланди. Телеминоранинг тўрт таянчи ва унга туташган учта оёғи 11 метрлик чуқурликдан кўтарилиб чиқилган, бир-бири билан боғланмаган темир-бетон асосларга таянган бўлиб, мувозанатини ўта юқори даражада ушлаб туришга қодир классик тизим яратилди.
Телеминора қурилиши "11-Баландқурилиш" бошқармаси қурувчилари томонидан амалга оширилган. Қурилишда Россиялик мутахассислар ҳам фаол иштирок этишган. Минора қурилиши 25 тонна юкни 240 метр баландликка кўтариш қобилиятига эга бўлган махсус кран ёрдамида амалга оширилган. 1985 йил 15 январда пойтахтнинг Юнусобод тумани Бўзсув ёқасида Тошкент телеминораси ва ниҳоят қад ростлади. Бино баландлиги 375 метр, тиргак бўлиб турган пўлат оёқлар узунлиги — 93 метр. Минора оғирлиги— 6000 тонна.