“Жиноят процессида амалий кўникмаларни ривожлантириш бўйича клиник семинарлар” модули бўйича бўлиб ўтган сайёр дарс Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари Элбекжон Тургунбоев, Aнжелика Шамсутдинова, Одилжон Илхомжонов томонидан олиб борилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати хабар қилди...
Судьялар “Юқори турувчи судларга шикоят бериш ва протест келтириш клиник амалиёти” мавзуси бўйича ўзининг амалий кўникмалари билан ўртоқлашди.
Судланган ёки оқланган шахс, жабрланувчи ҳукм нусхасини олган кундан бошлаб, бошқа тарафлар эса ҳукм эълон қилинган кундан бошлаб, йигирма кунлик муддат ичида шикоят ёки протест келтириши мумкинлигини таъкидлаган Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси Элбекжон Тургунбоев суд иштирокчиларидан кимларни қандай усулда хабардор қилиниши ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
— Ҳукм чиқарган суд апелляция шикояти, протести берилганлиги тўғрисида маҳкумни, оқланган шахсни, уларнинг ҳимоячиларини, қонуний вакилини, жабрланувчини, унинг вакилини, шунингдек фуқаровий даъвогарни, фуқаровий жавобгарни, уларнинг вакилларини агар шикоят, протест уларнинг манфаатларига дахлдор бўлса, хабардор қилади. Уларга шикоятнинг, протестнинг кўчирма нусхалари ёхуд ҳукм чиқарган суднинг интернет-ресурси орқали уларнинг электрон нусхалари билан танишиш мумкинлиги тўғрисида хабарнома юборилади. Бунда тарафларга шикоят, протест юзасидан ўз эътирозларини ёзма шаклда ёхуд электрон ҳужжат тарзида бериш ҳуқуқи уларни тақдим этиш муддати кўрсатилган ҳолда тушунтирилади. Шикоят, протест устидан келиб тушган эътирозлар ишга қўшиб қўйилади. Тарафлар апелляция шикоятига, протестига доир эътироз билан бирга алоҳида ҳолда янги материалларни тақдим этишга ёхуд уларни талаб қилиб олиш ва текшириш, шунингдек ўзлари кўрсатган жабрланувчиларни, гувоҳларни, экспертларни, мутахассисларни судга чақириш ва сўроқ қилиш ҳақида илтимоснома беришга ҳақли. Апелляция шикояти ёки протести берилиши ҳукмнинг қонуний кучга киришини ва унинг ижро эттирилишини тўхтатиб туради. Ҳукм устидан шикоят бериш ва протест билдириш учун белгиланган муддат тугагач, ҳукм чиқарган суд ишни шикоятлар, протестлар ҳамда улар юзасидан билдирилган эътирозлар, шунингдек тақдим этилган қўшимча материаллар билан бирга ўн кундан кечиктирмай апелляция инстанцияси судига юборади, - дейди Элбекжон Тургунбоев.
Сайёр дарс давомида талабалар судлар томонидан шикоят ёки протест муддатини тиклашни рад қилиш ҳақидаги ажримларга нисбатан келтирилган хусусий шикоят ёки протестларни кўриб чиқиб, апелляция инстанцияси суди томонидан чиқариладиган қарорларнинг турлари каби масалалаларда тушунтиришлар берилиб, мисоллар келтирилди.