Метрополитен маъмурияти Тошкент шаҳри аҳолисига ва меҳмонларига мурожаат қилди.
«Тошкент метрополитени» маъмурияти йўловчилардан метродан фойдаланиш қоидаларига амал қилишни сўради.
«Ҳаракатланиш вақтида ўзаро ҳурматни сақлаш, поезд ичидаги йўловчилар чиқиб кетгунига қадар кириш учун вагон эшиклари олдида турмаслик, манзилга келгач поезддан чиқиш учун имкон қадар тезроқ ҳаракат қилиш, вагон эшикларига суянмаслик, шахсий буюмларни вагон ва метро ҳудудида қолдирмаслик талаб этилади», дейилади мурожаатда.
Қайд қилинишича, буларнинг барчаси оралиқ интервалларининг режа асосида амалга оширилишини таъминлашга «ижобий таъсир кўрсатади».
«Тошкент метрополитени» маъмуриятининг таъкидлашича, 2024 йил якунигача 48 та ва 2025 йил давомида яна қўшимча 56 дона замонавий метро вагонини ҳарид қилиш кўзда тутилган. Янги вагонлар Чилонзор, Ўзбекистон, Юнусобод ва Ер усти ҳалқа йўналишида ҳаракатланади ва бунинг ҳисобига оралиқ интервал камайтирилади.