Бугун 20 май, 2025 йил, сешанба

O'ZB

Тошкент давлат юридик университетида “Электрон университет” тизими жорий этилади

A A A
Тошкент давлат юридик университетида “Электрон университет” тизими жорий этилади

Юридик таълим ва фан тизимини тубдан такомиллаштириш, уларнинг халқаро таълим майдонидаги рақобатбардошлигини таъминлаш, юридик кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида жорий йилнинг
29 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармонга кўра, “Электрон университет” (E-University) тизимини жорий этган ҳолда очиқ, шаффоф, субъективлик ва суиистеъмолчиликлардан холи бўлган таълим муҳитини яратиш юридик таълим ва фанни янада ривожлантиришнинг қатор устувор йўналишлари бири этиб белгиланди. Шу билан бирга, Тошкент давлат юридик университетида “Электрон университет” платформасини яратиш асосида юридик таълим олишга бўлган имкониятларни янада кенгайтириш чора-тадбирлари амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Хусусан, мазкур лойиҳа учун Жаҳон банки томонидан Академик инновациялар фонди гранти доирасида 140 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиб, лойиҳани амалга ошириш натижасида энг замонавий ва инновацион илмий, ўқув электрон дастурларини яратиш режалаштирилган. Жумладан, “Электрон университет” платформаси доирасида “Электрон тадқиқот”, “Электрон таълим”, “Электрон педагог”, “Электрон талаба”, “Электрон кутубхона”, “Электрон ҳуқуқий тарғибот” каби дастурларни яратиш ва ягона глобал платформага бирлаштириш орқали университет ресурсларидан исталган нуқтадан бемалол, ортиқча қийинчиликларсиз фойдаланиш, таълим олиш жараёнига энг янги ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш кабилар кўзда тутилган (Ушбу маълумотлар “Халқ сўзи” online газетасидан олинди).

Шунингдек, мазкур платформани жорий этилиши натижасида университетда сақланиб қолган анъанавий таълим бериш тизимини такомиллашувига, мавжуд “шаффоф таълим муҳити”ни янада мустаҳкамланишига, ўқув фаолиятидаги вужудга келиши мумкин бўлган  суиистеъмолчиликларни олди олинади.    

Шу ўринда, “Электрон университет” (E-University) тизимининг мазмун-моҳияти ва унинг афзаллик жиҳатларига тўхталиб ўтадиган бўлсак, мазкур тизим олийгоҳнинг таълим (ўқув, илмий ва бошқа соҳалари) жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этган ҳолда, фаолиятни рақамлаштириш, яъни олий таълим муассасасида электрон муҳитни яратиш мазмунини беради.

Ушбу тизимнинг бугунги кундаги ўзига хос хусусиятлари қуйидагиларда намоён бўлади:

—  мазкур платформа таълим сифатини ошириш орқали олий таълим муассасаси талабаларига кенг ҳажмли билим олиш ҳамда профессор-ўқитувчилар билан тезкор ва сифатли мулоқотни йўлга қўйиш имкониятларини тақдим этади;

— ҳудудий тўсиқларни бартараф этган ҳолда таълимнинг масофавий турида таҳсил олувчи талабаларга олий таълим муассасасидан ташқари бир хил таълим олиш имкониятларини беради;  

— ортиқча сарф-харажатларни сарфланиши олди-олинади.

Бундан ташқари, “Электрон университет” платформаси доирасида олий таълим муассасасидаги умумий ўқув процесси, талабаларга ўтилаётган таълим жараёни ва профессор-ўқитувчиларнинг бу борадаги фаолияти, баҳолаш тизими ҳамда имтихонларни ўтказилиши устидан мунтазам ва тизимли назорат амалга оширилади.   

Платформа орқали олийгоҳ ходимлари ва талабаларига “ягона дарча” тизими асосида уларга ўқув ва ишга оид ҳамда молиявий-бухгалтерия ҳамда бошқа фаолият йўналишларидан келиб чиқиб электрон хизмат кўрсатиш самарали йўлга қўйилади.

Таъкидлаш лозимки, электрон университет тизимида таҳсил олувчилар
ва фаолият юритувчилар ахборот-технологияларидан ўз вақтида ҳамда унумли фойдаланиш, ахборот ресурслари ичидан зарурий маълумотларни топиш, мустақил ишлаш ва таҳлил қилиш кўникмаларига эга бўлиши талаб этилади.

  Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
2 мартдаги “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-5953-сон Фармонининг 19-бандига мувофиқ, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат юридик университетида тажриба тариқасида босқичма-босқич масофавий ўқитиш шакли жорий этилиши белгиланган. “Электрон университет” платформаси орқали мазкур Фармондан келиб чиқиб,  юқорида қайд этилган тизим таркибига кирувчи махсус дастурлар ёрдамида университетда масофавий таълим бериш жараёни самарали амалга оширилади.

Электрон университет тизимининг жорий этилиши ўз навбатида таълим бериш жараёнида фойдаланиладиган ўқув ва ўқув-услубий материалларни фанлар кесимида қайта ишлов берган ҳолда ривожлантиришни талаб этади. Бунда модуллар кесимида интерактив усулларда таълим бериш учун мўлжалланган электрон ўқув адабиётлари, тақдимот-слайдлари, аудио ва видео-маърузалар ҳамда электрон тестлар ишлаб чиқилиб, платформага жойлаштириш чоралари амалга оширилади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, рақамли иқтисодиётга ўтиш босқичида олий таълим соҳасини ҳам рақамлаштирилиши юридик таълим ва фан тизимини тубдан такомиллаштиришда ҳамда уларнинг халқаро таълим майдонидаги рақобатбардошлигини таъминлашга хизмат қилади.

 

Д. БАЗАРОВА,

Тошкент давлат юридик университети

Жиноят-процессуал ҳуқуқи ва криминалистика

                                                                                                                     кафедраси профессори в.б., ю.ф.н

Киритилди: 10:43 30.04.2020. Ўқилди: 4843 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!